Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида 29 апрель куни соат тахминан 22:00 да кучли ёмғир ёғиши натижасида туманнинг «Навбаҳор» ҳудуди, 1-бўлим, «Деҳқонобод» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сардобсой сойининг сув оқими кескин кўтарилиб, ўзанидан тошган.

«Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ», — дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати. Қайд этишларича, мазкур ҳолат вилоят ҳокими Рустам Холматов томонидан назоратга олинган.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи томонидан зарар кўрган аҳоли хонадонларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўрилмоқда.

Ҳудудга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб қилинган. Вилоят ҳокимлиги Бекободдаги вазият юзасдиан қўшимча маълумотлар тақдим этилишини билдирган.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 1—2 май кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёмғир аралаш кучли шамол кузатилиши кутилмоқда.