Иштихон туман халқ таълими бўлимининг марказлашган молия бухгалтерия хизмати ҳамда ҳисоб-китоблар бўлими ҳисобчилари томонидан 951 миллион сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тўпланган ҳужжатларга кўра, 951 миллион сўм бюджет маблағлари туман ХТБ ҳисобчилари — А.Ҳамраев, З.Йўлдошев, О.Холиқулов, Ш.Ширинов ва М.Метанбоевлар томонидан талон-торож қилинган.
Таъкидланишича, ҳисобчилар мактабда ишлайдиган айрим ходимларга иш ҳақини ортиқча ҳисоблаш орқали орттирилган маблағларни бошқа мактабда ишлайдиган ходимларнинг пластик карточкасига ўтказиб берган. Сўнг ушбу пластик карточкаларни қўлга киритиб, ортиқча ҳисобланган маблағларни ўз манфаати учун сарфлаган.
Вилоят прокуратураси ахборот хизматининг маълум қилишича, Иштихон туман ХТБ ҳисобчиларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 184-1-моддаси (бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)