Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Наманган вилоятларида бир нафардан, жами уч нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Бу ҳақда 18 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Нукус шаҳрида 6 ёшли қизалоқ, Андижон шаҳрида 33 ёшли эркак, Наманган шаҳрида 46 ёшли аёл соғайган. Уларнинг бари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган эди.

«18 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 171 нафарга етди», — дея қайд этиб ўтган вазирлик. Аввалроқ 18 апрель куни Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятларида жами 12 киши соғайгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистон бўйича коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 1450 та ҳолат аниқланган; ўтган вақт давомида касалликка чалинган тўрт бемор вафот этган.

Бундан ташқари, сўнгги маълумотларга кўра, хориждаги 73 нафар ватандошда ҳам коронавирус аниқланган, уларнинг камида тўрт нафари вафот этган. Вафот этганларнинг уч нафари АҚШда, бир нафари эса Россияда бўлиб турган эди.