Қашқадарёнинг Муборак тумани ҳокими Ғайрат Жовлиев лавозимидан озод этилди, бу ҳақда 18 апрель куни вилоят раҳбари Зоир Мирзаев иштирокидаги йиғилишда эълон қилинган.

Ғайрат Жовлиев.

Фото: «Дарё»

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг «Дарё»га маълум қилишича, туман ҳокими вазифасини бажариш Садриддин Нарзиев зиммасига юклатилган.

Нарзиев шу вақтгача Жовлиевнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Айни вақтда Аҳрор Содиқов Муборак ҳокими Ғайрат Жовлиевнинг лавозимдан озод қилиниши сабабларини очиқламади.

Аввалроқ, 14 апрель куни Муборакда шифокорлар карантин тартиби амал қилаётганига қарамай, тўй ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг бу ҳақда хабар берган туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Зафар Жўраев ёлғон ахборот тарқатишда айбланган эди.

Зафар Жўраев «Дарё» мухбири билан суҳбатда ИИБдаги сўроқ давомида унга овқат беришмагани, шу сабаб тоби қочганини айтган, «бу хабар ортидан бир неча киши жазоланишини билган мутасаддилар барча айбни менга ағдариб, сувдан қуруқ чиқишга уринмоқда», деганди.

Карантиндаги тўй ва бошқа тадбирлар ҳақида

Ўзбекистонда 23 мартдан бошлаб тўй-маросимлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган. Шунга қарамай, 27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида тўй маросимини ўтказишга уриниш ҳолати қайд этилган, 28 март куни эса Юнусободда куёв-навкар маросимини ўтказган келиннинг отасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

Кейинчалик Жиззахда ўғлининг армиядан келгани муносабати билан карантин вақтида ўнлаб одамларга зиёфат уюштирган ота, Булунғур ва Жиззахда туғилган кунини карантин вақтида танишлари билан нишонлашга уринган фуқаролар жавобарликка тортилгани ҳақида хабарлар берилди.

Таъкидлаш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида карантин вақтида 24 та турли оммавий маросимлар ўтказган шахсларни «масъулиятсизлар» деб атаб, уларнинг хатти-ҳаракатларини сира оқлаб бўлмаслигини, уларга нисбатан кескин чоралар кўрилишинини таъкидлаган эди.