Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Россияда сўнгги бир суткада коронавирусга чалиниш бўйича 3388 та янги ҳолат қайд этилди. Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 24 490 кишига етди. Бу ҳақда Касалликга қарши кураш бўйича тезкор штаб хабар берди.

Фото: «РБК»

Фото: «РБК»

Касалланиш бўйича энг кўп ҳолат Москва шаҳрида қайд этилмоқда. Сўнгги бир суткада қайд этилган ҳолатларнинг 1774 таси айнан Москвада аниқланган. Шаҳарда касалланганларнинг умумий сони 14 776 кишини ташкил этмоқда.

Шунингдек, Москва вилоятида 272 та, Мурманск вилоятида 137 та ва Санкт-Петербург шаҳрида 130 та ҳолат аниқланган.

Мамлакатда сўнгги бир суткада коронавирусдан 28 киши вафот этган бўлиб, бу Россияда коронавирус тарқалганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Коронавирусдан вафот этганларнинг умумий сони 198 кишига етган. Уларнинг 106 нафари Москва шаҳрига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, 26 киши Москва вилоятида вафот этган.

Россияда касалликдан тузалганлар сони 2 минг кишидан ошган, уларнинг 292 нафари сўнгги бир суткада тузалишга муваффақ бўлган.

Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова 13 апрель куни мамлакатда бир ҳафтадан кейин коронавируснинг тарқалиши секинлашишига ва янги ҳолатларнинг камайишига умид билдирган. Унинг сўзларига кўра, умид қилишга бошқа мамлакатларда кузатилаётган вирус билан боғлиқ вазият асос бўлмоқда.

Москвада касалланганлар сонининг ортгани сабабли шаҳар мэри Сергей Собянин чеклов чораларини кучайтирди. Шаҳарда 15 апрелдан бошлаб жамоат ва шахсий транспортда ҳаракатланувчилар учун рухсатнома тизими жорий қилинди.

Коронавирус мамлакатнинг 84 та ҳудудида аниқланган. Коронавирус қайд этилмаган ягона ҳудуд Олтой Республикаси бўлиб қолмоқда. 15 апрель ҳолатига кўра, мазкур ҳудудда коронавирус билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

Мазкур ҳудудда айни пайтда бошқа ҳудудларда бўлиб қайтган 172 киши назорат остида турибди. Уларнинг барчаси уй карантинига олинган. Коронавирусни аниқлаш бўйича 1789 кишида текширув ўтказилган, уларда вирус аниқланмаган. Олтой Республикасида 30 апрелгача «ўзини яккалаш» режими амал қилади.

Аввалроқ Россиядаги касалхоналардан бирида 9 нафар тиббиёт ходими коронавирус юқтириб олгани маълум бўлган эди. Шунингдек, Россия армиясида коронавирус билан касалланган ҳарбийлар борлиги маълум қилинди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди