Тошкент шаҳар Юнусобод туманида электр энергияси истеъмоли бўйича тажриба тариқасида ўрнатилган базавий меъёрлар бекор қилинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Электр энергияси истеъмоли бўйича базавий меъёрлар Юнусобод туманида тажриба тариқасида 2019 йил 1 январдан жорий қилинганди. Унга кўра, битта абонент учун ойлик истеъмол миқдори 300 киловатт соатни ташкил этарди. Белгиланган нормадан ошиб кетадиган энергия коэффициэнти учун эса тўлов тариф нархининг 1,2 бараварини ташкил этиши белгиланганди.
Коронавирус сабабли жорий этилган карантин туфайли 24 март куни ушбу тажриба лойиҳаси бекор қилиниши маълум қилинганди.
Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигига Юнусобод тумани аҳолиси учун жорий этилган электр энергияси истеъмолининг базавий меъёрларини бекор қилиш тўғрисида сўров жўнатганди. Молия вазирлигидан 2020 йил 25 мартда олинган жавобга мувофиқ, Юнусобод туманида электр энергияси истеъмолининг базавий меъёрини юритиш бекор қилинди.
Қайд этилишича, бундай қарор коронавирус сабабли жорий этилган карантин билан боғлиқ. Карантин сабабли кўплаб кишилар вақтини уйда ўтказади ва шунга мос равишда энергияни кўп сарфлайди. Ўрнатилган базавий меъёрлар эса туман аҳолиси учун бошқа туманлар аҳолиси билан тенг бўлмаган ҳолатни юзага келтирарди. Эндиликда барча абонентларга электр энергияси учун ҳақ тўлашда тенг шароитда бўлиш имконияти яратилди.
Изоҳ (0)