Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари 9 апрель куни соғайиб, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан реабилитацияга ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Улар орасида Ўзбекистонда коронавирусга чалингани 15 март куни аниқлангани илк бемор — олий тоифали шифокор Нигора Муродова ҳам бор.

Нигора Муродова.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

У касалхонадан чиқаркан, «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берган.

«Юртбошимиз, улар кўрсатган ғамхўрликлари, шундай оқил ва одилона сиёсатлари туфайли ҳар бир беморга меҳр билан кўрсатилган даво бизни соғайтирди. Бугун оилам билан — биз 14 киши — тузалиб чиқиб кетяпмиз. Биз учун жон куйдирган ҳар бир тиббиёт ходимига миннатдорчилик билдираман. Бугун мен ўзбеклигимдан, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан жуда ҳам хурсандман. Чунки Ўзбекистонда беморлар биринчи симптомлар аниқланиши билан стационар карантинга олиниб, даволаняпти», — деди Муродова хоним.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни аниқланган эди (11 март куни Франциядан қайтган; кейинчалик, 19 март соат 23:59 ҳолатига кўра, унинг ўғли, қизитурмуш ўртоғи, неварасионаси, келини, яна тўрт қариндоши, шунингдек, бир ҳамкасбида ҳам касаллик аниқлангани айтилган эди).

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда биринчи беморнинг шахсий маълумотномаси тарқалиб кетган эди. Кейинчалик расмий манбаларда ҳам биринчи беморнинг исми-шарифи Н.М. экани бир неча бор кўрсатиб, таъкидлаб ўтилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2 апрель куни эълон қилинган инфографикадан лавҳа.

Инфографика: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Маълумот учун, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 624 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган — уларнинг 38 нафари соғайган, уч нафари вафот этган. Бундан ташқари, хорижда камида 23 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалинган, уларнинг уч нафари (учаласи ҳам АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида) вафот этган.