Шу кунларда Zo‘r TV телеканалида «Шайтанат» сериали намойиш этилмоқда. Унда Асадбекнинг қизи Зайнаб образини гавдалантирган актриса, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева «Дарё» мухбири Миролим Исажонов билан суҳбатда сериалга қай тариқа келиб қолгани тўғрисида сўзлаб берди.

Фото: Instagram/@shodiyevarano

— Зайнаб ролини ўйнаган пайтимда 19 ёш бўлишимга қарамасдан, бир қанча ролларни талқин қилган актриса ва икки фарзанднинг онаси эдим. Қизим олти ойлик чақалоқ эди. Сериалга синов тариқасида таклиф этишганида яқинларимдан маслаҳат сўрамай, иккиланмасдан мустақил қарор қабул қилганман. Ёдгор ака Саъдиев билан сериал воқеалари ҳақида умумий гаплашиб, суратга олиш майдончасига қатнай бошлаганман.

Атрофимдаги барча актёр ва актрисалар ўз касбининг профессионали эди. Аммо бошида сал оғирроқ кечган. Чунки гиёҳвандларни умуман кўрмай туриб, ўшаларнинг биттаси қиёфасини гавдалантиришим керак эди. Гоҳида тасвирга олиш жараёнида шундай ролга киришиб кетардимки, тугагач ҳам шунинг руҳидан чиқолмай қолардим. Оёқ-қўлларим увишиб, анчагача ўзимга келолмай ўтирардим.

«Шайтанат»нинг биринчи режиссёри ва Зайнабнинг илк ижрочиси ким эканлигини кейинроқ билганман. Шунчалик содда бўлганимдан аввал сериалнинг биринчи фасли суратга олинганидан ҳам кеч хабар топганман.

Айнан мен қатнашган қисмларда Зайнабнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ асосий саҳналар бўлганлиги учун томошабинларга қизиқ туюлган, деб ўйлайман. Агар Наврўза Бийназова ролини охиригача ўйнаганида, фильм ишқибозлари уни ҳам Зайнаб ва Асадбекнинг қизи сифатида тан олишарди.

Раъно Шодиеванинг оиласи.

Фото: Instagram/@shodiyevarano

— «Шайтанат» катта экранларга чиққанидан сўнг кўча-кўйдагилар қандай фикр билдиришган?

— Шахсий машина бошқариш орзум ва оилавий имкониятим борлигига қарамай, соддалигим, ота-онамнинг қаттиқлиги учун автоулов ҳайдаш сира ҳаёлимга келмаган. Сериал кенг омма эътиборига ҳавола қилингунга қадар эл қатори автобус, метро ва таксиларда юрардим.

«Шайтанат»га нисбатан халқнинг қизиқиши ортган ва сериал шов-шувларга сабаб бўлган кунларнинг бирида метрода кетаётсам, уч, тўрт нафар йигитлар мени бармоғи билан кўрсатиб, «Вой, Асадбекнинг қизи ҳам метрода юрарканми?», дея гапиришган. Шунда метрода ғала-ғовур бошланиб, ҳамма мен томон қараган. Ўзимни бошқача ҳис этиб, уялганимдан манзилимга етмасдан ҳам тушиб қолганман. Мана шу ҳолат қаттиқ таъсир қилганми, жамоат транспортига қайта чиқмай қўйганман.

1999 йили «Шайтанат»нинг иккинчи фасли ва «Чимилдиқ» фильми параллел равишда суратга олинган бўлса, 2000 йил бошларида катта экранларга чиққан. Ўшанда бирданига машҳур бўлиб кетганман.