Рязань вилоятининг Елатьма посёлкасида яшовчи эркак деразаси остида шовқин кўтарган беш кишини отиб ташлади, деб хабар беради «РИА Новости».
Тергов тахминига кўра, 32 ёшли эркак кўчада, деразасининг тагида баланд овозда гаплашаётган ёшларни тинчлик сақлашга чақирган. Юзага келган даҳанаки жанг оқибатида эркак ов милтиғи билан подъездга чиқиб, йигитларга қарата ўқ уза бошлаган.
Рязань вилояти ИИВ Бош бошқармасининг маълум қилишича, қурол гумонланувчининг квартирасидан топилган. Унинг ўзи эса жиноят содир этилган жой яқинида қўлга олинган. Эркакка нисбатан Россия Жиноят кодексининг «Икки ёки ундан ортиқ кишини ўлдириш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, уч киши подъездда ўлдирилган. Таъкидланишича, мерган ўз қурбонларидан бирининг бошидан отган. Яна икки эркак кўчада отиб ўлдирилган. Ҳалок бўлганларнинг ёши 22—31 оралиғида бўлган.
Айрим маълумотларга кўра, қотил маҳаллий психоневрологик диспансерда ишлаган. «Интерфакс»нинг ёзишича, қотилнинг ўзи ҳам психиатр рўйхатида турган.
Изоҳ (0)