«Макаров йўлтанламаслари» компанияси коронавирус пандемиясини «Бурлак» йўлтанламаси ичида изоляцияда ўтказишни таклиф қилмоқда. Мутахассислар цивилизациядан узоқда биргина машина билан неча кун яшаш мумкинлигини ҳисоблаб кўрди, деб хабар беради Motor.
Таъкидланишича, ўрмонда изоляцияланиш учун экспедицияга мўлжалланган тиркамали «Бурлак» йўлтанламаси тўғри келади. Кўчма сув захираси мавжуд бўлса, машинада бир киши камида олти ой яшай олади: ёқилғи захираси шунча вақтга етади. Йўлтанламасга бир киши учун уч йилга етадиган озиқ-овқат захирасини юкласа бўлади.
Компания қуйидаги ҳисоб-китобларни амалга оширди: «Бурлак» икки тоннагача юк ташишга қодир, инсон эса кунига 1-1,5 килограмм овқат ейди. Шундай экан, бир тоннанинг ўзи ҳам 1000 кунга ёки 83 ойга етади. Машинага ўрнатилган газ плитасида овқат пиширса ҳам бўлади. Биргина 27 литрли баллондан бир ярим ойгача фойдаланиш мумкин, захира баллонлари эса тиркамага юкланади. У ерда ёқилғи солинган идишларни ҳам сақласа бўлади.
Салондаги ҳаво ҳароратини мўътадил ушлаб туриш учун иссиқ кунлари ўрмонда уни қиздириш керак бўлмайди. Совуқ кунлар учун эса «Бурлак» автоном ҳаво иситгич билан жиҳозланган. Аккумуляторни қувватлантириш учун баъзида двигатель ўт олдирилиб турилса кифоя. Ёқилғи баки тўла бўлса, 90 кунга етади.
Совуқ ҳаво вақтида «Бурлак»да мустақил изоляцияланиш 2,5-3 ой давом этиши мумкин — барча таъминот тизимлари автоном ишлаб турса, ёқилғи шунча вақтга етади. Қўшимча ёқилғи билан эса изоляцияни тўрт ойгача чўзиш мумкин. Бунда ҳам озиқ-овқат ҳисоби юқоридагидек қолади, сув эса қорни эритиш йўли билан олинади. Бунинг учун машинада 20 литрга мўлжалланган қор эритгич ва автоматик сув узатиш тизими мавжуд.
«Бурлак» кабинасида ошхона, бир нечта ётоқхона мавжуд, буюртмага кўра уни биоҳожатхона, душ ва ҳатто сауна билан ҳам жиҳозлаш мумкин. Шунингдек, телевизор ва гаджетлар учун USB-разёмлар ҳам мавжуд.
Изоҳ (0)