Гречка оқсил ва витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади. Бироқ гречкадан тайёрланган таомлар ҳар доим ҳам болаларга ёқавермайди. Қуйида болажонлар севиб тановвул қилиши учун гречкадан тайёрланадиган учта мазали егулик рецептини келтирамиз.

Гречкали ширин кекс

Фото: Pixabay

Керакли масаллиқлар:

Шакар — 100 грамм

Ўсимлик ёғи— 100 мл

Какао — 1 ош қошиқ

Гречка уни — 100 грамм

Сув — 6—8 ош қошиқ

Сода — ярим чой қошиқ

Тайёрланиш жараёни: Тухум оқи сариғидан ажратиб олинади. Тухум оқи қаттиқ кўпик ҳосил бўлгунча кўпиртирилади. Тухум сариғига шакар, какао, ёғ солиниб, бир хил масса ҳосил бўлгунига қадар аралаштирилади. Массага ун ва сув солинади. Сўнг сода қўшамиз ва яхшилаб аралаштирамиз. Кейин хамирга кўпиртирилган тухум оқини солиб аралаштирамиз.

Хамирни қолипчаларга солиб, духовкада 180 даражада пишириб оламиз.

Гречкали ва қўзиқоринли шўрва

Фото: Pixabay

Керакли масаллиқлар:

Картошка —4 дона

Шампиньон қўзиқоринлари —150 грамм

Сабзи — яримта

Гречка — 3 ош қошиқ

Ўсимлик ёғи — 3 ош қошиқ

Сув — 2,5 литр

Туз таъбга кўра.

Тайёрланиш жараёни: Картошкани тозалаймиз ва бўлакларга бўламиз. Сувни қайнатамиз. Гречка, картошкани қайнаётган сувга солиб, паст оловда 20—25 дақиқа қайнатамиз.

Қолган маҳсулотларни ёғда қовуриб олиб, шўрвага қўшамиз.

Гречкали ва пишлоқли котлетлар

Фото: Pixabay

Керакли масаллиқлар:

Қайнатилган гречка — 200 грамм

Қаттиқ пишлоқ: 100 грамм

Ун — 2 ош қошиқ

Сариёғ — 50 грамм

Тухум — 2 та

Қийма — 100 грамм

Таъбга кўра туз ва зираворлар.

Тайёрланиши: Тухумни кўпиртириб, гречка, қийма, қирғичдан ўтказилган пишлоқ, ун ва зираворларни қўшамиз. Тайёр массадан шакллар ясаб, товага сариёғни солиб, котлетларни қовуриб оламиз.