Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар минг нафардан ошиб кетган, дея асоссиз хабар тарқатган фуқаро 10 кунга қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятнинг Шаҳрисабз шаҳри «Уймовут» маҳалласида яшовчи О.О. Telegram ижтимоий тармоғида 1592 нафар обуначиси бўлган гуруҳда «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 5 нафарга ошиб, уларнинг умумий сони 55 нафарни ташкил этмоқда» деб номланган хабарга жавобан «Э-э, одамларни алдашдан нима фойда, Ўзбекистонда касалланганлар мингдан ошиб кетган-ку. Тўғрисини айтиш керак, одамлар шунга қараб кўчага чиқмайди» дея хабар қолдиради.
Ижтимоий тармоқда кўпчилик эътиборини тортган мазкур ахборотга ойдинлик киритиш мақсадида ИИБ ходимлари ахборот берувчи билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида фуқаро О.О. мазкур хабарни ҳеч бир асоссиз ёзганини, Тошкент шаҳридан келган маҳалладошларидан Тошкентда вазият яхши эмас, деган гапни эшитгач, шундай хулоса қилганини тан олди.
Ҳолат юзасидан фуқаро О.О.га нисбатан Шаҳрисабз туман ИИБ томонидан жорий йилнинг 27 март куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) асосида иш қўзғатилиб, Чироқчи туман Маъмурий судининг 2020 йил 27 мартдаги қарорига асосан фуқаро О.О.га нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Изоҳ (0)