Беларусь чемпионатининг 2-туридан ўрин олган баҳсда «Энергетик-БГУ» 27 март, жума куни «Рух Брест» майдонига сафар қилди.
Учрашувнинг 43-дақиқасида Жасур Яхшибоевнинг бурчакдан узатиб берган тўпини Даниил Мирошников боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Бу гол амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.
Мазкур учрашувда Яхшибоев асосий таркибда майдонга тушиб, 61-дақиқада захирага олинган бўлса, яна бир ўзбекистонлик футболчи Шаҳбоз Умаров 73-дақиқада майдонга туширилди.
Шу тариқа минскликлар кетма-кет иккинчи ўйинни ғалаба билан якунлади. Лига дебютанти эса мусобақадаги илк мағлубиятини тан олди.
1-турда «талабалар» Минскда БАТЕ клубини қабул қилган ва номдор рақибни 3:1 ҳисобида таслим этганди. Ўша учрашувда Жасур дубль қайд этганди. Бугун эса футболчи ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Европа минтақасида фақатгина Беларусь чемпионати давом этмоқда. Қолган барча лигалар коронавирус сабаб тўхтаб қолган.
Беларусь чемпионати
2-тур баҳси
27 март, жума
«Рух»— «Энергетик-БГУ» 0:1
Гол: 0:1 – 43 Мирошников.«Рух Брест»: Нечаев, Гайдучик, Колпачук, Мигунов, Ковтун, Вильям, Тихоновский, Осучукву, Гречихо, Консевой, Петренко.
«Энергетик-БГУ»: Леско, Сокол, Шкурдюк, Мавату, Мирошников, Носко, Яхшибоев (Бакич, 61), Гирс, Тве, Мусаханян, Атеменг (Умаров, 73).
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)