Карантинга оид турли хабарлар фонида Олий Мажлис Сенати томонидан «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилгани жамиятда турли муносабатларни келтириб чиқарди. Хусусан, янги тузатишлар адвокатларнинг телефонларини эшитишга оид. «Дарё» бу масалани шарҳлашни сўраб адвокат, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаевга мурожаат қилди.

Тезкор-қидирув тадбирларининг янги турлари жорий этилиши муносабати билан «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунга, аниқроғи, унинг 6-моддаси учинчи қисмига ўзгартириш киритилиб, унда прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилиш белгиланишига оид хабар жамиятда турли муносабатларни келтириб чиқарди.

Албатта, Сенат хабари бироз ноаниқ бўлгани ҳам бунга сабаб бўлди. Бироқ амалдаги ҳолат ҳам кўнгилдагидек эмас эди. Кўпчилик адвокат телекоммуникацион қурилмалар орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини эшитиш, хабарларини ўқиш прокурор розилиги билан бўлишига эътироз билдирди. Бу эътирозлар ўринли, албатта. Лекин киритилаётган ўзгартириш мутлақо кўп нарсани ўзгартираётгани йўқ.

Амалдаги норма бўйича адвокат сўзлашмаларини эшитиш мумкинмиди?

Ҳа, бу қонунда белгиланган. Эътироз, аввало, амалдаги норманинг ўзига бўлиши керак эди. Аслида, қонуннинг амалдаги 6-моддаси адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланаётган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек, унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туришга тегишли прокурор санкциясига асосан рухсат берган.

Бу тергов ҳаракатларини ўтказиш адвокатнинг ўзига нисбатан жиноят иши доирасидами ёки унинг ҳимояси остидаги шахс жиноят иши доирасидами? Норма мазмунига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам тергов ҳаракатларини амалга ошириш мумкин. Демак, киритилаётган ўзгартиришларсиз ҳам прокурор санкцияси билан адвокатнинг телефон сўзлашмаларини эшитиш мумкин.

Бу тўғрими?

Адвокатура ҳуқуқий демократик жамиятнинг энг муҳим ва фундаментал институти ҳисобланади. У жамиятдаги кучлар мувозанатини таъминлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Адолатга имкон қадар эришишнинг энг муҳим механизми сифатида ушбу институт минг йиллардан бери шаклланиб келган. У айблов томон (давлат айблови – прокуратура) билан тенг кучга эга бўлиши керак.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Ўзбекистон ушбу институтни қабул қилган (рецепсия), шу сабабли бизда кўпчилик томонидан унинг назарий ва фундаментал асослари унча яхши тушунилмайди.

Адвокатура адвокат ва унга ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимояси остидаги шахс бежизга ишонч билдирувчи деб аталмаган) ўзаро ишончига асосланади. Бу ишончли ҳамкорлик адвокатуранинг адвокатлик сирини сақлаш, адвокатнинг дахлсизлиги, унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, унинг фаолиятига аралашмаслик каби бир қатор ўта муҳим қоидалар билан кафолатланади. Бу асрлар давомида деярли барча ривожланган жамиятлар тажрибасига асосланган (бизнинг менталитет бошқа деган баҳоналар бўлмаслиги учун) қоидалардир. Бундай кафолатларсиз адвокатура самарали фаолият кўрсатолмайди.

Адвокат ишонч билдирувчи билан бўлган мулоқотда олган ҳар қандай маълумот, тушунтиришлар адвокатлик сири ҳисобланиб, адвокат томонидан муҳофаза қилиниши шарт. Шу сабабли ҳам адвокатдан (унинг ёрдамчиси, стажеридан ҳам) адвокатлик сири предмети ҳисобланган ҳолатлар тўғрисида бирон-бир тушунтириш ёки кўрсатувлар беришни талаб қилиш, шунингдек, улар ҳақида тезкор-қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирон-бир материал тақдим этишни талаб қилиш ман этилади.

Адвокат дахлсизлиги

Адвокатнинг дахлсизлиги адвокатура институтининг самарали ва мақсадга мувофиқ кафолати ҳисобланади. Адвокат дахлсизлиги ва адвокатлик сирини йўқ қилиш, кучсизлантириш адвокатура институти пойдеворини бузиб ташлайди.

Энди асосий мавзуга қайтсак. Қонуннинг амалдаги 6-моддаси адвокат дахлсизлигини кафолатлай оладими? Модданинг учинчи қисми матнига эътибор қаратамиз:

«Адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек, унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин».

Фото: «Дарё»

Демак, бу ерда адвокатга нисбатан тергов ҳаракатлари тегишли прокурор санкцияси билан амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган. Эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат шуки, ушбу тергов ҳаракатлари адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳолатдагина эмас, унинг ҳимояси остидаги шахсга доир жиноят иши доирасида ҳам тергов ҳаракатлари амалга ошириш истисно қилинмаган (яъни адвокатнинг ўзи тергов ҳаракатлари объекти бўлмаган ҳолатда ҳам). Масалан, адвокатнинг офисида жиноят ишига аҳамиятли деб ҳисобланган ашёни топишга оид тинтув ўтказилиши, нарсаларини олиб қўйиш мумкинлиги кўринади.

Қонуннинг 8-моддаси учинчи қисми бу ҳолатга аниқлик киритади, лекин тўлиқ эмас. Унга кўра юридик ёрдам бериш билан боғлиқ ахборотни талаб қилиб олиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, текшириш, ундан нусха кўчириш, бундай ахборотни тўплаш ва ундан фойдаланишга фақат адвокат айбланувчи тариқасида жавобгарликка тортилган тақдирда, бошқа ҳолларда — жиноят, фуқаролик ишлари, иқтисодий ишлар, интизомий ишлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда эса фақат юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг розилиги билан йўл қўйилади. Лекин бу моддада гап ахборот ҳақида кетади ва вазиятга тўлиқ ойдинлик киритади деб бўлмайди.

Шундай қилиб, қонуннинг амалдаги 6-моддаси адвокат дахлсизлигини таъминлай олмайди деб ҳисоблаш мумкин.

Киритилаётган ўзгартиришлар

Юқорида айтганимиз каби киритилаётган ўзгартиришлар амалдаги норма моҳиятига катта таъсир қилмайди. Ўзгартиришлар «унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш» сўзларини «унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини, хабарлар ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш» деб ўзгартиришни назарда тутади.

Қонуннинг 6-моддаси учинчи қисмига киритилаётган ўзгартиришлар бўйича солиштирма жадвал.

Амалдаги таҳрир Таклиф этилаётган таҳрир Асос
Адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин         Адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини, хабарлар ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин   Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунига киритилаётган ўзгартиришларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш                              

Бу телефон сўзлашувидан ташқари бошқа телекоммуникацион қурилмалар ёрдамида (масалан, планшет, ноутбук, ПК) месенжерлар, бошқа иловалар орқали бўладиган мулоқотларни ҳам назорат қилиш имкониятини беради.

Адвокатга нисбатан тергов ва оператив-қидирув ҳаракатларини амалга ошириш амалдаги қонунда мавжуд ва адвокат дахлсизлигини таъминлай олмайди. Бунинг устига ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқлаштириш учун киритилаётгани ҳам эътиборга сазовор.

Маълумот учун: тезкор қидирув тадбирлари жиноят иши қўзғатилгунга қадар ҳам амалга оширилади. Бошқа тафсилотлар ҳали маълум бўлмагани учун ўзгартиришлар бўйича хулосага келиш қийин.

Чет эл тажрибаси

Россия Федерациясида адвокатга нисбатан тергов ҳаракатлари, тезкор-қидирув ҳаркатлари фақатгина суд қарори билан ўтказилади. Тергов ва тезкор ҳаракатлар натижасида олинган маълумотлар, нарсалар ва ҳужжатлар фақатгина улар адвокат ва ишонч билдирувчи ўртасидаги юридик ёрдам ишига алоқадор бўлмаган ҳолатларда далил сифатида кучга эга бўлади. Яъни, адвокатга нисбатан тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга ошириш унинг ишонч билдирувчиси билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда маънога эга бўлади.

Францияда адвокат фойдаланётган бинони кўздан кечириш, у ерда тинтув қилиш, адвокат тергов ҳаракати объекти бўлмаса ҳам йўл қўйилади (Франция Жиноят процессуал кодекси, 59-1-моддаси). Бироқ бу ҳаракатлар суд қарори билан амалга оширилиб, жараёнда Адвокатлар палатаси раиси иштироки шарт қилиб қўйилади.

Германияда адвокатура мустақил одил судлов органи ҳисобланади. Ишонч билдирувчи шахс билан боғлиқ жиноят иши доирасида адвокатга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб бориш фақатгина суд қарори билан амалга оширилиши мумкин (бунинг учун жуда кўп нарсаларни асослаш керак).

Қандай ўзгартириш мақсадга мувофиқ?

Адвокатга нисбатан у тергов ҳаракати (тезкор-қидирув ҳаркати) объекти бўлмаган ҳолатда тергов ҳаракатлари ўтказиш унинг дахлсизлигини, адвокатлик сири муҳофазасини хавф остига қўяди. Шу сабабли қонунни қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, яъни адвокатга нисбатан тергов (тезкор-қидирув) ҳаракатларини ўтказишни (у тергов ҳаракати объекти бўлмаган ҳолатда):

  • суд қарори орқали;
  • Адвокатлар палатаси вакили иштирокида;
  • алоҳида тартибда ўтказилишини таъминлаш лозим.

Адвокатлар дахлсизлигини чеклаш, адвокатлик сирини қўлга киритишга қаратилган юқоридаги нормаларни айрим адвокатлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга уриниш билан оқлашга ҳаракат қилинади. Лекин у ҳуқуқбузарликлар адвокат дахлсизлигини бузишни оқламайди. У ҳуқуқбузарликлар тегишли ваколатли органлар томонидан қонунда ўрнатилган тартибда профессионаллик билан бартараф этилиши керак. Асло адвокатура институти асосларини кучсизлантириш билан эмас.

Зеро мақсад воситани оқламайди. Ҳар қандай одил судловни таъминлаш мақсадларига фақат ҳуқуқий, мувозанатли ва ахлоқий воситалар билан эришилиши лозим.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасини парламентга киритишда Адвокатлар палатаси билан келишилмагани эътироф этилгани, умумий муҳокамага қўйилмагани ҳам лойиҳа ўрнатилган тартиб бузилган ҳолда киритилганини англатади.

Адвокатуранинг жамият институтлари мувозанатидаги роли жуда муҳим. Бу мувозанатни бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу қадрият ҳуқуқ тизимининг асоси эканини унутмаслик керак. Ахир ҳуқуқ тизимли ва олдиндан кўриладиган бўлиши шарт.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.