Берлиннинг «Унион» клуби футболчилари ва ходимлари коронавирус сабаб юзага келган танаффус вақтидаги маошидан воз кечди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Унион» матбуот хизмати

«Биз фавқулодда вазиятга дуч келдик. Клубимизнинг мақсади — футбол. Агар у тўхтатилса, бу ҳаётимиз мазмунига таъсир қилади. Сўнгги ойларда раҳбарият, ходимлар, жамоа ва қолган ишчилар клубнинг Бундеслигадаги муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун тер тўкиб ишлади. Раҳбарият номидан барчага ташаккур айтаман», — дейди клуб президенти Дирк Синглер.

«Бу вазиятда муаммога дуч келишимиз дарҳол аён бўлганди. Сўнгги бир неча кун фаол мунозарага киришдик ва якунда биргаликда ишлашга келишиб олдик. Бу оғир ҳолатни биргаликда енгиб ўтмоқчимиз», — дейди жамоа сардори Кристофер Триммел.

Шунингдек, «Бавария» футболчилари ва раҳбарияти маошининг 20 фоизидан воз кечган. Бу маблағлар клубнинг қолган ходимлари маошини тўлиқ тўлаб беришга хизмат қилади.

26 март ҳолатига Германияда коронвирус инфекциясига чалинган сони 37 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Курбонлар сони 206 нафарга етган. 3 мингдан ошиқ киши тузалиб кетган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!