Бугун, 26 март куни, эрта тонгда Бангкок—Фарғона чартер рейси орқали Таиланддан 257 нафар Ўзбекистон фуқароси Фарғонага олиб келинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали орқали маълум қилинди.

Кадр: YouTube

Мазкур чартер рейс билан олиб келинган фуқаролар Олтиариқ туманидаги «Қизилтепа» сиҳатгоҳига жойлаштирилиб, карантинга олинган.

Таъкидланишича, авиарейс орқали 163 нафар аёл, 67 нафар эркак ҳамда 27 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаролари олиб келинган.

Маълумотларга кўра, Таиланддан олиб келинган фуқаролар орасида Бангкокда машғулотлар ўтказган триатлон бўйича Ўзбекистон ёшлар жамоасининг аъзолари ҳам бор.

Самолёт трапидан тушаётган йўловчилар дезинфекция қилиниб, уларнинг тана ҳарорати ўлчанган.

Март ойларининг бошларида Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги бош консулхонаси Таиланд Қироллиги ҳукумати COVID-19 коронавирусининг тарқалиши муносабати билан 18 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакат аэропортларида кириш визаларини расмийлаштириш тартибини бекор қилгани ҳақида хабар берганди. 21 март куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хориж мамлакатларидаги ва оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Республика махсус комиссиясига фуқароларни мамлакатга қайтариш бўйича авиарейсларни ташкиллаштириш бўйича кўрсатма берган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 65 нафарга етди. 24 мартдан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.