Америкаликлар COVID-19 коронавируси тарқалганига қарамай, иқтисодиётни сақлаб қолиш учун ишга қайтишига тўғри келади. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда Дональд Трамп Fox News телеканалидаги эфирда маълум қилган.

Фото: Reuters

«Биз ишга қайтишимиз лозим. Гриппдан минглаб одамлар вафот этмоқда. Лекин шу сабабли мамлакатни ҳеч қачон «ўчириб» қўймаганмиз. Автоҳалокатларда ундан ҳам кўпроқ одам йўқотяпмиз ва бунда автомобиль ишлаб чиқарувчилардан машина ишлаб чиқаришни тўхтатишни сўрамаяпмиз», — деган Дональд Трамп.

Унинг айтишича, одамлар вирусдан вафот этмоқда, лекин мамлакат рецессия ёки тушкунликка тушиб қолса, ундан ҳам кўпроқ одам йўқотиши мумкин. Трамп АҚШ «ишсиз қолиш учун яратилмагани»га ишончи комиллигини билдирган ва одамлар уйида қамалиб ўтиришни хоҳламаслигини таъкидлаган.

Куни кеча Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда Трамп янги турдаги коронавирус пандемияси шароитида корхоналар фаолиятини қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги қарорни ҳукумат кейинги ҳафтанинг бошида қабул қилиши мумкинлигини айтганди. «Америка яна тез орада бизнес учун очилади. Жуда оз фурсатда, уч ёки тўрт ойдан ҳам эртароқ», — деган эди АҚШ президенти. Шунингдек, коронавирус туфайли ёпилган корхоналар 12 апрелга қадар ўз ишини қайта тиклашига умид билдирган.

Ўтган ҳафта АҚШ ҳукумати фуқароларга ижтимоий алоқалардан тийилишни, уйдан ишлашни, озиқ-овқат маҳсулотларини уйга буюртма қилишни ва заруратсиз 15 кун давомида кўчага чиқмасликни тавсия қилганди.

Ҳозирда дунё бўйича COVID-19 коронавирус пандемиясига чалинганлар сони 400 минг кишидан ошиб кетди. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, беморлар сони кўплиги бўйича юқори бешликдан Хитой, Италия, АҚШ, Испания ва Германия жой олган. АҚШда коронавирусга чалиниш бўйича 52 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 677 киши вафот этган.