АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда янги турдаги коронавирус пандемияси шароитида корхоналар фаолиятини қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги қарорни ҳукумат кейинги ҳафтанинг бошида қабул қилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Bloomberg’га таяниб,«РБК» хабар берди

Фото: AP Photo

«Америка яна тез орада бизнес учун очилади. Жуда оз фурсатда, уч ёки тўрт ойдан ҳам эртароқ», — дейди АҚШ президенти.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ администрацияси 30 март куни мамлакат эндиликда қандай йўлдан кетиши тўғрисидаги қарорни қабул қилади. «Гап мамлакатимизнинг очилиши ҳақида кетмоқда, чунки биз кўринмас душмандан қочиш йўлида иқтисодий жиҳатдан деярли тўхтаб қолдик», — дейди Трамп.

Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, у ўз жамоаси билан хусусий секторга «эҳтиёткорлик билан қайта иш бошлаш» рухсатини берадиган вариантларни кўриб чиқмоқда. «Бизнинг мамлакатимиз ёпиқ бўлиш учун яратилмаган», — дейди АҚШ президенти.

АҚШнинг касалликлардан огоҳлантириш ва уларни назорат қилиш маркази (CDC) маълумотига кўра, мамлакатда 10,4 минг нафар одам инфекцияни юқтириб олган ва 150 нафар киши вафот этган.