Карантиннинг биринчи ҳафтаси ўз якунига етди, лекин буёғига нима билан шуғулланиш керак? Кўпчиликни қийнаётган ушбу саволга жавоб тариқасида вақтингизни мароқли ва фойдали машғулотларга сарфлаш ҳақида тавсиялар бериб ўтамиз.

Онлайн дарслар

Фото: Twitter

Биз шундай даврда яшаяпмизки, бирор нарсани ўрганиш ва маълумотга эга бўлиш учун кўчага чиқиш шарт эмас. Шунчаки компьютер ёки телефон орқали онлайн тарзда қизиқишингизга оид соҳани ўрганишингиз, видеодарслар билан билимингизни такомиллаштиришингиз мумкин. Хорижий тилни ўрганиши керак бўлган, аммо ўқиш, иш туфайли вақтим йўқ, деб ортга сурганлар — мана, сизга имконият! Турли баҳоналар билан атрофдагиларни, асосийси, ўзингизни алдамасдан ўз устингизда ишлашни бошланг.

Сериалларни тўхтатиб, спорт билан шуғулланинг

Фото: «Аnnol Mehta»

Спорт билан шуғуллана олмаяпман, заллар ёпиқ, машғулотлар қолдирилди дейсизми? Иложсизлик ҳақида гапира кўрманг. Ахир қайси замонда яшаяпсиз? Жисмоний тарбия ва спорт учун кичик бир хона ёки ҳовлининг ўзи етади, қолаверса, онлайн машғулот дарслари бежизга интернетга жойланмаган. Ястаниб сериал кўргандан кўра видеомашғулотлар орқали соғлиғингиз ва жисмоний кўринишингиз яхши бўлиши учун ҳаракат қилинг. Ҳозир бошламасангиз кейин кеч бўлиши, яна вақт тополмай қолишингиз мумкин. Қайси спорт билан шуғулланишни билмаётганларга йогани тавсия қиламиз. Ушбу машғулот карантин вақтида ҳам руҳий, ҳам жисмоний ҳолатингиз учун айни муддао.

Гардеробингизни тартибга солинг

Фото: Instagram

Ҳафта давомида бир ёки икки кунлик дам олиш куни ҳамма режаларни амалга ошириш учун камлик қилади, деб нолиганлар учун ажойиб имконият! Қишки кийимларни ювиб-саранжомлаб, баҳорги ва ёзги кийимларни чиқаришингиз, кераксизларини ташлаб, кичик келганларини ука-сингилларингизга бериб юборишингиз мумкин. Шунингдек, таъмирталаб пойабзал ва сумкаларни ажратишингиз ҳам фойдадан холи эмас.

Театр, концерт томоша қилинг ва онлайн музейларга ташриф буюринг

Фото: «Yes I want it»

Кино, сериал кўриш, албатта, мароқли, лекин вақти-вақти билан спектакл кўриб туриш ҳам керак. Сиздан талаб қилинадиган нарса — кўришни истаган спектаклингизни интернетда қидирувга бериш холос. Жаҳон юлдузларининг жонли ижродаги концерт дастурларини тинглаш эса фонограммада эффектлар билан ясалган овозлар беролмаган ажиб туйғуни беради. Концерт залидаги одамларнинг жонли ижрога жўр бўлиб хиргойи қилиши эса баҳри дилингизни очади.

Айтганча, онлайн ташриф ҳақида эшитмаганлар учун маълумот: сиз жаҳон музейларига юмшоққина курсингиздан жилмасдан, хушбўй қаҳва ва шоколадлардан роҳатланган ҳолда саёҳат қилишингиз мумкин. Бунинг учун музей сайтида пуллик ва бепул хизматлар мавжуд бўлиб, хоҳишингизга кўра танлашингиз мумкин.

«Дарё» ортиқча харажат қилишни истамаган муштарийлари ҳақида қайғуриб, альтернатив вариантни таклиф қилади: сиз бепул ташрифни танлаб, музей ичидаги экспонатлар билан танишинг ва улар номини ён дафтарчангизга ёзиб боринг. Кейинроқ интернетга экспонат номини ёзинг ва ўнлаб маълумотлардан бирини танланг. Ўқиб, хабардор бўлиб, маълумот ва фактларни қайд қилиб олинг. Бундан ҳам эстетик завқ оласиз, ҳам пулингиз тежалади, қолаверса, ёзиб олган маълумотларингиз ёдингиз ва дафтарингизда қолади.

Пазандалик учун айни муддао

Фото: «Korrespondent.net»

Кўчада шошилинчда фаст-фуд истеъмол қилиб, тўғри овқатланишни ёдидан чиқарганларнинг ошқозонлари карантин вақтида уларга «миннатдорчилик» билдириши аниқ. Чунки сиз уйдамисиз, демак, онангиз, опа-синглингиз тайёрлаган иссиқ, мазали, фойдали таомларни ейишга мажбурсиз. Лекин овқатни кимдир пишириши керак, ўйламасам ҳам бўлади, деб қоринни қаппайтириб ётмасдан ўзингиз ҳам уриниб кўринг. Нонуштага мевалардан коктейл тайёрланг, тушлик учун картошка, балиқ ёки товуқни зираворларга тўлдириб, печ ёки қасқонда димланг.

Пишиқчилик даврида сабзавотдан кўпи борми, улардан фойдаланиб соуслар тайёрланг. Масалан, майонез, қатиқ, тузланган бодринг ва укропни аралаштирсангиз, сиз ҳашаматли ресторанда киевча котлетга қўшиб бериладиган соусни ўз қўлингиз билан тайёрлаган бўласиз. Оилавий телевизор кўрмоқчи бўлсангиз, мева, ёнғоқ ва гранулаларни аралаштириб, салат тайёрланг. Аслида бу каби рецептлар интернетда жуда кўп, сиз завқланишингиз ва мазали таом ейишингиз учун кафе ва ресторанга бориб, пул сарфлашингиз шарт эмас. Шунчаки фантазиянгизни ишга солган ҳолда уйдаги бор маҳсулотлардан ўзгача таом тайёрлаб, ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг кайфиятини кўтаринг.

Китоб — стрессга қарши энг яхши восита

Фото: Getty Images

Китоб ўқиш ҳақиқий ҳордиқ эканини китобсеварлар жуда яхши билади. Қолаверса, ушбу машғулот стрессга қарши самарали курашиш демакдир. Одам бекор қолса, миясида бўлмағур хаёллар, хавотир айланаверади. Машғул бўлиш, машғул бўлганда ҳам фойдали иш билан машғул бўлишдан яхшиси йўқ. Шунингдек, аудиокитобларни тинглаб, бир вақтнинг ўзида ҳам мияни озиқлантириш, ҳам уй юмушларини бажариш мумкин.

Молиявий тафтиш

Фото: «Тotal.kz»

Қанча даромад оласиз, ундан қанчасини рўзғорга, коммунал тўловларга ишлатасиз, бошқа харажат ва тўловларга қанча маблағ сарфлайсиз — буларни ўйлаб ҳисобини қилиш ва келажакдаги сарф-харажатларни режалаштиришингиз лозим. Бунинг учун дафтарча ёки мобил иловалардан фойдаланишингиз мумкин.

Янги иш қидиринг, резюме тайёрланг

Фото: Shutterstock

Раҳбарларга ёқмайдиган, лекин исботланган статистика: ер юзидаги 70% одам ишидан кўнгли тўлмайди. Албатта, бунга объектив ва субъектив сабаблар бўлиши мумкин, лекин бир нарса аниқки, инсон яхши кўрган фаолияти билан шуғулланиши керак. Чунки танланган иш шахсий ва  ижтимоий ҳаётга, шунингдек, саломатликка таъсир кўрсатади.

Хоҳламасдан ишлаш агрессивлик, атрофдагилардан аламзада бўлиш, ўз қобиғига ўралиб олиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Хуллас, юқоридаги таърифлар сизга тўғри келса, ўз қобилият ва истакларингиз асосида янги иш излаб кўринг. Шунчаки хоҳишни ўзи етмаслигини инобатга олиб, салоҳиятингиз ва қўлингиздан келадиган ишларга холис баҳо беринг. Ўзингиз ҳақингизда резюме тўлдиринг ва сиз компанияга нима бера олишингиз ва нима учун мазкур компания айнан сизни танлаши кераклигига алоҳида тўхталинг.

Гўзаллик муолажалари

Фото: «Wday.ru»

Чиройли кўриниш учун қиммат салонларга бориш керак, деган фикрни қатъий инкор қилган ҳолда табиий ниқоблардан фойдаланишни тавсия қиламиз. Унутманг, ҳақиқий гўзаллик ботиний бўлгани билан у ташқи кўринишингизда ҳам акс этиши керак. Харажат шарт эмас, ювилган, дазмолланган кийимлар, хушбўй атир ифори, тартибли соч турмаги ва кийиниш услуби сиз ҳақингизда атрофдагиларга кўп нарса дейди.

Оила аъзоларингиз билан мароқли вақт ўтказинг

Фото: Аlamy

Биз шунчалик бандмизки, баъзида оиламизга етарли вақт ажратолмаймиз. Доим шошамиз, эртага, келаси ҳафта деб баҳона қиламиз, лекин ҳар бир инсон ич-ичидан биладики, ҳаётда оиладан-да муқаддас ва кўп вақт сарфлашга арзигулик нарса йўқ.

Албатта, ҳар ким ҳам фарзандлари келажаги, оиласи етишмовчилик нималигини билмаслиги учун туну кун тиним билмай ишлайди ва шу нуқтаи назардан ҳеч кимнинг бировни айблашга ҳаққи йўқ. Шундай экан, фурсатдан унумли фойдаланиб, яқинларингиз билан узоқ ва мароқли суҳбатлашиш имкониятидан фойдаланинг. Бир пиёла чой устида мириқиб суҳбат қуринг, турмуш ўртоғингиз билан муаммо ва юмушлардан бошқа мавзуларда ҳам гаплашинг, ота-онангиз кўнглини кўтаринг, фарзандингизнинг сиз эътибор бермаган қизиқишларини кашф қилинг ва ҳаётнинг энг азиз неъматларидан баҳра олинг.