Кийиниш борасидаги трендлар йилдан йилга ўзгаргани билан бир тамойил асло ўзгаргани йўқ, ҳақиқий гўзаллик оддийлик ва қулайликда. Бундан ташқари, замонавий бўлиш бугунги даврга келиб ортиқча маблағ талаб қилмайди, яъни сиз гардеробингиздаги бор либосларга айрим деталларни қўшиш билан ҳам трендда бўлишингиз мумкин. Бунинг учун дид ва фантазияни ишга солишнинг ўзи етади.

Oversize услубидаги жакетлар

Фото: Google Images

Шкафингизни очиб назар ташланг, унда анча вақтдан бери кийилмаётган кенг ва елкалари одатдагидан каттароқ, лекин сиз ўтган замонга хос деб ўйлаган жакет бўлса, фикрингизни ўзгартиринг. Oversize услубида кийиниш аллақачон модага айланган, бироқ бунда меъёрни билиш керак бўлади. Образни спорт услубидаги кийимлар, кроссовка ёки туфли билан ҳам мосласангиз бўлади. Ортиқча принтсиз оддий кўйлак ва устидан ретро услубидаги жакет ва – сиз тренддасиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас, бундай либосда сизни ҳаракатланишингиз жуда қулай бўлиб, эрталабдан-кечгача ўзингизни эркин ҳис қилишингиз мумкин бўлади.

Водолазкалар

Мода бу муайян ранг ва ҳажмга ёпишиб олиш эмас, аксинча уларни бир-бирига мослаш, баъзида эса аксинча мосламасдан фантазия қилиш демакдир. Шундай экан гардеробингизда бор бўлган қоматни акс эттирувчи водолазкалар сизни дидли кўринишингизга ёрдам беради. Бунда сиз oversize услубидаги жакет ёки плашнинг ичидан водолазкани кийишингизнинг ўзи етади. Ранги қандай бўлиши аҳамиятсиз, асосийси озода ва ҳаракатланишга халақит берадиган даражада тор бўлмаслиги керак.

Миди узунлигидаги либослар

Фото: Google Images

Калта-култа кийиш мода бўлмай қолганига анча бўлди. Мода тамойиллари шуни кўрсатадики, узун-кенг кўйлак ва кроссовка кийиб ҳам ўзига хос тасаввур қолдиришингиз мумкин. Бу борада миди узунлиги, яъни тиззадан пастда турадиган кўйлак ва юбкалар сизга ёрдам беради. Бундай услубдаги либос билан узун этик, ёзги пойабзал ёки спорт услубидаги оёқ кийим кийишингиз мумкин. Демак энди сиз «кўйлак билан туфли кийишим керак» деган фикрни хаёлдан чиқариб ташлаб, гардеробингизда бор оёқ кийимни кийишингиз ва шу билан трендда бўлишингиз мумкин.

Ёрқин ва оч рангдаги деталлар

Фото: Google Images

Баҳорга хос кийиниш учун албатта, пушти ёки оқ кийим кийишингиз ёки харид қилишингиз шарт эмас. Агар сизда бор либослар тўқ рангда бўлса, янги ёрқинидан олишим керак деб ортиқча пул сарфлаб юрманг, шунчаки образингизга ёрқин рангдаги детал – пайпоқ, шарф ёки камар, шляпа ёки тақинчоқ тақинг ва қарабсизки пул ҳам чўнтакда, сиз ҳам трендда. Бу мавсумда айниқса, қизил, сариқ ранглар долзарб. Рангларни микс қилишдан қўрқманг, эксперимент қилиб кўринг.

Оч рангдаги деним

Фото: Google Images

Оддий оқ ёки сутранг жинсининг ўзи сизнинг баҳорги образингиз муваффақиятини таъминлайди. Унинг ўзининг рангидан топ, футболка ёки жакет кийсангиз total look бўлиб ҳаддан ортиқ даражада чиройли ва дидли образ ҳосил бўлса, бошқа ранглар билан мослаш ва унга ёрқин аксессуар қўшиш, ташқи кўринишингизга ўзига хос аксент беради.

Оқ пойабзал

Фото: Google Images

Қора пойабзал ҳамма вақтда муст ҳаве бўлгани билан, ушбу мавсумда оқ рангли оёқ кийимлар етакчилик қилмоқда. Сизда фақат бир пойабзал харид қилиш учун етарли маблағ бўлса-ю, оқ рангни тез кир бўлиб қолишидан чўчиб, танлашга жасорат қила олмаётган бўлсангиз, сизга лайфхак – энди оқ пойабзални тозалаш муаммо эмас, тиш ювиш воситаси билан кроссовка ва кедаларни тозаласа, янгидек кўринишда бўлади. Қолаверса, дўконларда рангсиз гел ва кремлар бор.

Соч учун аксессуар

Фото: Google Images

Сизда фақатгина бир жинси ва оддий футболка бўлган тадқирда ҳам трендда бўлишингизга имкон бор. Образингизга минимал услубдаги ёки турли безаклари бор соч аксессуарлари – ободок ёки заколкаларни қўшсангиз бўлгани. Бу каби деталлар street style’нинг ажралмас бўлагига айлангани ва бюти блогерлар томонидан охирги вақтларда тавсия қилиниб келаётгани сир эмас. Янгиси йўқ бўлса, бувингиз ёки ойингиз сандиғига мурожаат қилинг. Негаки ҳозир айнан ўша даврдаги сингари аксессуарлар долзарб.