«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг бу сонини коронавирусга бағишлайди. Коронавирус ҳақида нималар ёзилмоқда? Қаерда аҳвол қанақа? Дорини қачон кутайлик? Бу саволларга қуйида жавоб топасиз.

Короновирус борасида Жанубий Кореядан ўрнак оладиган жиҳатлар нималардан иборат?

Бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашар экан, Жанубий Кореянинг COVID–19 га қарши чоралари ўрнак болишга лойиқ, деб ёзади The Science нашри.

Ҳайдовчилардан олинаётган тест таҳлили.

Фото: Reuters

Пандемия чўққисига чиққан бир вазиятда Жанубий Кореяда вирус билан зарарланганлар 909 тани ташкил этаётган бир пайтда, 17 март санасида эса касаллик билан оғриганлар сони бор-ёғи 74 нафарни ташкил этди. Бунга ниманинг ҳисобига эришилди?

Бугун COVID–19 вирусининг ўчоғига айланган Италия, Испания, Франция ва Германияда вирус билан касалланган ва вафот этганлар сони кескин ошаётгани кузатилмоқда. Шу сабабдан мазкур давлатлар ўз чегараларини ёпаётган бир даврда АҚШда вирусдан зарарланганлар сонини ҳам тахмин қилиш мумкин.

50 миллион аҳолига эга бўлган Жанубий Кореяда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш борасида эришилган ютуқлар эътирофга сазовор ва бошқа мамлакатлар учун ўрнак олишга молик. Хитойдан фарқли равишда Жанубий Кореяда бутун бир шаҳарларни карантинга олиш тажрибаси кузатилмади. Корея университети юқумли касалликлар бўйича мутахассис Ким У Чу Жанубий Корея демократик давлат бўлгани боис ҳам шаҳар ва қишлоқларни изоляцияга олиш учун чоралар кўрмади. Шу маънода Жанубий Корея тажрибаси вируснинг тарқалишини олдини олиш учун бошқа давлатларга ўрнак бўлиши керак.

Жанубий Корея тиббиёти вирусга чалинганларни мамлакат миқёсида яхши ташкил этилган тестдан ўтказиш, касалланганларни изоляцийга олиш ва касалланганлар билан алоқада бўлганларни ҳам карантинга юбориш чоралари билан муваффақиятга эришди. Жанубий Корея 270 мингдан ортиқ ватандошларидан тест олди. Бу эса ҳар бир миллион одамга 5 200 тест тўғри келди дегани.

Сиднейдаги Янги Жанубий Уэльс университети профессори Райна Макинтайр Жанубий Кореядаги вирусга қарши курашда мамлакат миқёсида олиб борилган вирусни аниқлаш борасидаги тестларни яхши ташкилланганини эътироф этар экан, бу ҳаттоки АҚШ ва Баҳрайн давлатларидагидан ҳам яхши йўлга қўйилганини айтди.

Ҳозирда Жанубий Корея ҳукумати асосан эътиборни COVID–19 нинг ўчоғи бўлган Исо Масиҳ Синчхонжи черковига  қаратгани келажакда қандай натижалар бериши билан асосланмоқда. Жанубий Корея ҳукуматининг вирус ёйилган бошқа вилоятларга эътиборини сусайтиргани мамлакатда пандемия яна ёйилиши хавотирларини ҳам юзага чиқариши мумкин.

Ўтган ҳафтадан бошлаб Сеул ва унга яқин атрофда жойлашган туманларда вируснинг янги 129 ўчоғи аниқланишига олиб келди. Бу ҳудудларда эса тахминан 23 миллион аҳоли истиқомат қилиши эътиборга олинса, Жанубий Кореяни вирусга қарши курашишда янги «жанглар» кутиб турибди.

MERS респиратор вирусидан олинган сабоқ

2015 йилда яқин шарққа уюштирилган сафар натижасида MERS вирусига чалиниши оқибатида бир жанубий кореялик тадбиркор назоратга олинган, уни учта тиббиёт муассасасида таҳлилдан ўтказишган ва MERS вируси аниқлангани ортидан карантинга жойлаштиришган эди. Бу пайтга келиб у инфекциясини 186 кореялик ватандошига юқтирган ҳамда улардан 86 нафари ҳаёт билан видолашган эди. Шундай бир вазиятда Жанубий Корея ҳукумати 17 минг ватандошини карантинга ўтказган ва юқумли дарднинг олдини олиш учун икки ой вақт сарфлаган. Эпидемиянинг олдини олиш мамлакатда қўрқув пайдо қилиши натижасида мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар ҳам кўрган эди.

Бу эса Жанубий Корея ҳукуматига шундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш борасида катта сабоқ бўлди, мамлакат ўз юқумли касалликлар профилактикаси тизимини тубдан ислоҳ қилишга диққат қаратди.  Расмий манбаларга кўра, тиббиёт ходимлари орасида COVID–19  билан касалланганлар  аниқланмади.

Кореялик эпедимиолог Чхон Пен Чхул фикрича, касалланганларнинг миқдорини, жинсини, касаллик ўчоғи билан алоқасини аниқлаш вируснинг олдини олишда етарли эмас.

Чунки MERS катта сабоқ берган эди. Юқумли касалликлар борасида махсус қонун қабул қилинди ва қонунга мувофиқ касалланган шахсларнинг мобил телефонлари, кредит карталари, бошқа ахборот ташувчи буюмлари олиб қўйилиши мумкинлиги қонуний тусга киритди. Бу амалиёт эса касалнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари орқали қаерларда бўлиш имконини, бошқа зарарланганлар билан ҳаёт йўллари кесишганми ёки йўқ аниқлашга ёрдам берди.

Вирус тарқалгани эълон қилинган 7 февраль санасида Жанубий Корея ҳукумати аллақачон аҳолига коронавирус ташхисини аниқлашга ёрдам берадиган тестлар сотувга чиқаришга улгурган эди. Шу тариқа 11 кун ўтиб Дегудаги Синчхонжу черковида 61 ёшли секта аъзоси коронавирусга чалингани аниқланди. Кейинги 12 кун мобайнида вирус билан зарарланганликнинг янги 2 900 ҳолати қайд этилди ва бу, асосан, Дегудаги черков издошлари орасида ёйилди. Кейин эса бошқа вилоятларда вирус билан зарарланганларнинг яна 900 та ҳолати қайд этилди. Бу Ухандан кейин Осиёдаги Жанубий Кореяда тарқалган коронавируснинг энг йирик ҳажмдаги тарқалиш ўчоғи эди.

Жанубий Корея ҳукумати касаллик тарқалиши ортидан касалланганларни тоифалаштирди. Биринчи ўринда вирус аломатлари бор шахслар махсус тиббиёт бўлимларига жойлаштирилди. Ўртача вазиятдаги касалланганлар давлат ажратган махсус биноларга юборилди. Улар бу ерда керакли тиббий муолажани давом эттирди. Соғайиб кетган ва икки марта анализ натижалари салбий чиққанларга эса уйларига кетишга рухсат берилди.

Касалланганлар билан бевосита алоқада бўлганлар ва вируснинг нисбатан кам таъсир қилган шахслар уйларига кетишига ва у ерда икки ҳафталик карантинда бўлишига имкон берилди. Бу орада уйларида карантинда бўлган ватандошлар мунтазам равишда тиббиёт ходимлари назоратида бўлди. Уйларида бўла туриб, карантин тартиб қоидасини бузганларга 3 миллион вона (2 500 доллар) жаримаси қўлланилди. Янги қонунчиллика кўра, карантин тартибини бузадиганлар 10 миллион вона миқдорида жаримага тортилиши ёки бир йил қамоқ жазосига маҳкум қилиниши кўзда тутилган.

Бугун Жанубий Кореяда касалланишнинг янги ҳолатлари аниқланиши камайиб бораётган бўлса-да, ҳукумат ўз ватандошларига ниқоб тақиш, қўлларни яхшилаб ювиш, черковга қатнамаслик, уйда туриб ишлаш, оммавий тадбирларда қатнашмаслик ва уйда 3–4 кунда касаллик аломатларини назорат қилишни тавсия этмоқда.

Бугунда Жанубий Кореяда касалликни машинадан тушмасдан ташхис қиладиган 43 та марказ ишламоқда. Бу эса ҳар куни 15 мингдан зиёд короновирус таҳлиллари юритилмоқда дегани. Жанубий Кореядан ўрнак олган ҳолда АҚШ, Канада, Буюк Британия давлатлари ҳам мазкур ишни бошлаб юборди. Ички ишлар вазирлиги эса махсус мобил илова ёрдамида карантинга олинган инсонлар устидан назорат ўрнатди.

Жанубий кореялик олимлар касалликнинг илк даврларида ташхисни аниқлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар бор, бу эса вируснинг ижобий даволанишига катта ёрдам беришига умиқ қилмоқда.

Япон олимларининг COVID–19 га қарши малҳами самаралими?

Хитой соғлиқни сақлаш ходимлари япон тиббиёт олимлари яратган дори – фавипиравир коронавирусга қарши курашда яхши натижа бергани, бу дори воситаси коронавирус билан касалланганларни соғайишини 11 кундан тўрт кунгача қисқартириши мумкинлиги ҳақида маълумот берди, деб ёзади The Guardian нашри.

Хитой расмийлари берган баёнот натижасида  фавипиравир малҳамини яратган Fujifilm Toyama Chemical компанияси акциялари қимматлади. Япон матбуотида олимларнинг коронавирус билан касалланганларда фавипиравир дори воситасининг қўлланилиши гриппнинг янги штаммларини даволашда самара бергани ҳақида хабар қилди.

Беморларга Шэньчжэнда берилган малҳам 4 кун мобайнида салбий натижа берди.

Фото: AP

Хитой фан ва техника вазирлиги вакили Чжан Синьмин Fujifilm компаниясининг фавипиравир малҳами Ухань ва Шэньчжэнда 340 коронавирус билан оғриган беморларда татбиқ этилганда ижобий натижа бергани ҳақида маълум қилди.

Шэньчжэнда мазкур дори воситаси қўлланилгандан кейин тўрт кун ичида коронавирус билан оғриган беморлар аҳволи мусбат натижа берган. Бундан ташқари рентген таҳлиллари 91 фоиз беморда ўпка фаолиятининг яхшиланганини кўрсатган. Бу эса бошқа препаратларни қабул қилган 62 фоиз бемор натижаларига солиштирганда ижобий натижа, дейди хитойлик тиббиёт вазирлиги вакили.

Fujifilm аввалроқ 2014 йилда авиган номи остида мазкур препарат яратилганини айтган бўлса-да, бошқа изоҳларни келтирмади. Аммо Хитой расмийларининг баёнотидан сўнг япон компаниясининг акциялари сезиларли равишда ошди. Япон олимлари ҳам коронавирусга чалинган беморларни даъволашга эътибор бераётган бўлса-да, уларнинг назарида мазкур препарат коронавируснинг оғир кечиши кузатилаётган беморларда самара бермаётганини таъкидламоқда.

Япон тиббиёт ходимларининг эътироф этишича, мазкур тиббий малҳам аввалроқ ВИЧ инфекциясига қарши антиретровирус малҳам сифатида лопинавир ва ритонавир билан биргаликда қўлланилган, ҳаттоки фавипиравир Гвинеяда авж олган Эбола инфекциясига қарши курашда малҳам сифатида етказиб берилган.

Favipiravir COVID–19 га қарши препарат сифатида қўлланилиши учун ҳукуматнинг ҳам розилиги берилиши керак, чунки бу малҳам аввалроқ гриппга қарши малҳам сифатида тавсия этилган эди.

Соғлиқни сақлаш ходими маълумотларига кўра, мазкур препарат шу йилнинг май ойида ҳукуматнинг COVID–19 га қарши ишлатилиши мумкин деган тавсиясини олиши мумкин. Препаратнинг клиник натижалари ортга суриладиган бўлса, ҳукуматнинг бу препаратни коронавирусга нисбатан қўлланилиши мумкинлиги борасидаги рухсати ҳам ортга сурилиши мумкин.

Вирус билан зарарланганлар сони эса тобора кўпайиб бормоқда. Айрим олимлар COVID–19 га қарши тиббий препарат 2021 йилнинг май ойларида ишлаб чиқарилишини таъкидламоқда.

Бутун дунё коронавирусга қарши курашда Хитойдан нималарни ўрганиши лозим?

Буюк Британиянинг The Nature нашри Хитой вирусни йўқ қилиш учун эмас, аксинча, унинг кенг миқёсда ёйилишини олдини олиш борасида кескин чоралар кўргани ҳақида ёзади. Хитой ҳукумати вирус ёйилишини олдини олиш учун мисли кўрилмаган даражада эҳтиёт чораларини қўллади. Бу чоралар вирус эпицентри бўлган Ухань шаҳри ва 60 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Хубэй вилоятининг бошқа 15 шаҳарлари билан транспорт алоқасини узиб қўйиш, авиа парвозларни бекор қилиш, темир йўл ҳамда авто қатновларни тўхтатишни ўз ичига олди.

Ижтимоий муҳофазаланиш вируснинг тарқалишига тўсиқ.

Фото: Google Photos

Ҳукумат изоляцияга олинган шаҳарлар аҳолисига фавқулодда ҳолатларда – озиқ-овқат олиш учун кўчага чқишни тавсия қилди. The New York Times нашри маълумотларига кўра, эпидемия бошланган вақтда 760 миллион аҳоли – бу қарийб Хитой аҳолиснинг ярми деганидир – изоляцияга олинди.

Бу воқеалардан икки ой ўтган бўлса-да, ҳамон Хитойда изоляция ҳолати сақланиб турибди. Шунга қарамасдан ҳар куни ўнлаб вирус билан касалланганлар аниқланмоқда. Ҳарҳолда бу рақамлар эпидемия бошланган даврдаги минглаб одамларнинг зарарланишидан анча кам. Миннесота университети юқумли касалликлар бойича олим Майкл Остерхол Хитой татбиқ қилган кескин чоралар вирусга қарши курашда муваффақиятли бўлганини таъкидлайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса мисли кўрилмаган чоралари орқали Хитой касалланганларнинг миқдори кўпайишини олдини олишга муваффақ бўлгани билан табриклади.

Бугун коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этар экан, дунё ҳамжамияти қандай чоралар вируснинг олдини олишга ёрдам беришини билишга ҳақли.

Кескин чоралар қабул қилингунгача ҳар бир касалланган одам икки ёки ундан ортиқ одам вирусни юқтириб улгурган, бу эса вирус юққанлар сонини ошира бошлаган. Натижада, 500 миллиондан ортиқ одамнинг SARS-CoV2 вируси билан зарарланиши эҳтимолини юзага келтириши мумкин. Аммо 16 ва 30 январь орасида қабул қилинган чоралар натижасида вирус билан зарарланиш миқдори 1,05 тагача камаяди. 16 март санасига келиб 81 минг хитойлик Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра вирус билан зарарланган эди.

Аммо айрим олимлар назарида касаллик билан кўп ҳолатлар аниқланмаган бўлиши мумкин. Бунинг биринчи сабаби вирус аломатлари оғир кечмаган ва касалланган одамлар тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган. Иккинчи сабаби эса касалликни аниқлаш бўйича тестлар ўтказилмаган. Оксфорд университетининг эпидемиологи Кристофер Дай назарида бу вақтда Хитой ҳукумати татбиқ қилган чоралар самара бера бошлаган. Касаллик билан оғриган беморлар сони ўсишда давом этган бўлса-да, чоралар натижасида касалликни маълум ҳудудда ушлаб туриш имконини берган.

Хитой кўрган чоралар янада самаралироқ бўлиши мумкин эдими?

Эпидемиологлар назарида, улкан миқёсда ўтказилган касалликка қарши чора-тадбирлар борасида Хитой кеч қолиб ҳаракат қила бошлади. Эн Арбордаги Мичиган университети тадқиқотчиси Говард Маркел назарида Ухань шаҳри ҳокимияти номаълум вирус билан боғлиқ ҳолатларни яширган ва ўз вақтида бу ҳақида хабар бермаган. Натижада эса вирус бутун дунёга тарқаб кетишга сабаб бўлган. Саутгемптон университети олимлари олиб борган касалликка чалинишнинг имитацион модели натижаларига кўра, агарда Хитой раҳбарияти вируснинг тарқалишини олдини олишга бир ҳафта аввалроқ киришганида мамлакатдаги зарарланишнинг 67 фоизини олдини олиши мумкин бўларди. Уч ҳафта эртароқ бошланган тадбирлар касалланиш умумий миқдорининг 5 фоизининг олдини оларди.

Хитой сафарларга қўйган тақиқ чиндан натижа бердими?

Кўплаб тадқиқот натижаларига кўра, Хитой ҳукуматининг Хубэй вилоятидан чиқиш ва унга киришга қўйган та’қиқлари: хоҳ у ҳаво йўллари орқали, хоҳ темир йўл , хоҳ енгил автомашина бўлсин, вируснинг олдини олишга тўсиқ бўлди, аммо узоқ муддатга эмас.

The Science журналида чоп этилган тадқиқотларда италиялик, хитойлик ва америкалик олимлар Уханни изоляцияга олиниши вируснинг Хитойнинг бошқа шаҳарларига тарқалишини бор ёғи тўрт кунгагина кечиктирган бўлса, вируснинг бошқа мамлакатларга ёйилишини 2–3 ҳафтага кечиктирганини аниқлади. Олимлар назарида қатновларни чеклаган ҳолатда қўшимча чора-тадбирлар кўрилмаса, вируснинг тарқалишини олишда сезиларли натижа бермаслигини эътироф этмоқда.

Балтимордаги Жон Хопкинс университети эпидемиологи Жастин Леслер назарида, ҳукуматлар ўз ватандошларининг ишончини қозониб, сўнг сафарларга тақиқ ўрнатилсагина, бу вирус тарқалишини олдини олиши мумкинлигини айтди. Бошқа ҳолатларда одамлар ёлғон гапиришга ёки тақиқни четлаб ўтишга уринадики, бу ҳаракатларни самарасиз қилади.

Европа, Америка, Африка ва Осиёнинг кўплаб давлатларида бугунги кунда сафарларга тақиқ қўйилмода. Шунга қарамасдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекциянинг юқишида бу кўп ҳам самара бермаётганини ва бошқа самарали усуллар татбиқ қилинишидан чалғитаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.  Шунингдек, бундай тақиқлар ёрдам кўрсатиш, техник қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда мамлакатларнинг саноатига ҳам зарар келтирмоқда.

Касаллик билан курашаётган мамлакатлар бундан қандай сабоқ олишлари керак?

Тейтем ва Лей таҳлллларига кўра, инфекцияни эртароқ аниқлаш, Хитойдаги каби инфекция ўчоғини изоляция қилиш, халқаро сафарларга тақиқ қўйиш каби мутаносибликда олиб борилган тадбирларгина инфекциянинг тарқалишини камайтириши мумкин. Агар бундай тадбирлар қўлланилмаганда эди, февраль ойи охирларига бориб 8 миллион одам вирусга чалиниши мумкин эди.

Эрта ташхис Сингапур мисолида яхши натижа берди. Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Вернона Ли сўзларига кўра, инфекцион касалликларга қарши курашувчи гуруҳ «номаълум пневмония» билан оғриган беморлар шахсини аниқлаш, уларни изоляцияга олиш ва уларнинг мулоқот доираларини тезкорлик билан аниқлаш ижобий натижа бермоқда. Сингапурда бугунда COVID–19 вируси аниқланган 250 та ҳолат мавжуд бўлса-да, Сингапур ҳукумати Хитойдаги каби кескин чораларни қўлламади. Айрим умумхалқ тадбирлари бекор қилинди, COVID–19 билан касалланган беморлар карантинга олинди ва аҳоли ўртасида скрининг олиб борилмоқда.

Хитойда мактабларнинг карантинга ёпилгани натижа бергани номаълум. Болалар ҳам инфекция юқтириб олишга мойил, аммо ҳозирча болалар вирус ташувчими ёки йўқ аниқлангани йўқ. Агарда аниқланса, мактабларнинг карантинга ёпилгани касалликни тарқалишини олдини олиш борасида самарали бўлган бўлар эди.

Бугун Хитойда соғломлашиш жараёни бошланганми?

Хитойда COVID–19 вируси билан касалланиш даражаси анча камайган, аммо ҳукумат вирусни олдини олиш борасидаги амалиётини юмшатадиган бўлса, вируснинг тарқалиши янада авжига чиқиши мумкин. Бундан ташқари Хитойга вирус энди хориждан кириб келиши ҳам мумкин. Хитойдаги чора-тадбирлар кўплаб одамларнинг инфекциясига иммунитети йўқ одамларни чалинишини олдини олиб, уларни ҳимоя қилди.

Кўриниб турибдики, Хитой вирусни буткул йўқотмади, аксинча, тарқалишининг олдини олди. Хитой инсонларнинг ҳаракатланишига тақиқ қўйиб, ижобий қандай натижаларга эришди ёки эришмади батафсил таҳлил қилиш учун яна икки ой вақт керак. Бугун Хитойда тақиқларни бекор қилиш борасида қизғин мунозаралар бошланган, агарда бу тақиқлар бекор қилинадиган бўлса, вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкин.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш, аввало, ҳукуматлар тақиқларига эмас, инсонларнинг шахсий жавобгарлиги ва гигиена талабларига қай даражада риоя қилаётганлигига кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.