Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 33 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

«Коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган яқинларидан 9 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган», — дейилади вазирлик ахборотида, бироқ янги беморлар касаллангани аввал аниқланганлардан кимларнинг яқинлари экани маълум қилинмаган.

Шунингдек, хориждан келган яна бир нафар фуқарода ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида бу фуқаро қачон, қаердан келганига, у билан бирга неча нафар йўловчи бўлганига аниқлик киритмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан қўшимча қилишларича, «инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда».