«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Deutsche Welle ахборот нашри 2030 йилга қадар дунёни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган таҳлилларини эълон қилди. Deutsche Bank хулосаларига кўра, янги ўн йилликда дунёни пул-кредит сиёсатининг заифлашуви, криптовалюталарнинг ўсиши, пластик пулларга талабнинг камайиши, авлодлар ўртасидаги ихтилоф ва файласуфларга бўлган талабнинг ошиши кутилмоқда.
Олтин билан кафолатланмаган дунё валюталарининг қадрсизланиши
Deutsche Bank’нинг халқаро таҳлилчилари бундай хулосага келар экан, аввало, fidusiar ва fiat пулларнинг заифлашувини тахмин қилди. Fidusiar пуллар бирор мамлакатнинг ичида ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун муомалага чиқарилган пуллар бўлиб, бу пуллар қимматбаҳо металлар қиймати билан таъминланмаган. Fiat пуллар эса fidusiar пулларнинг муқобил номланиши бўлиб, улар ҳам бирор-бир мамлакат ичида қимматбаҳо металлар билан кафолатланмаган, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланадиган пуллар саналади.
Бу пуллар марказий ҳокимият томонидан муомалага киритилган, уларнинг қадрсизланиши ҳукумат томонидан муҳофаза қилинадиган валютадир. Мамлакатлар ташқи қарзининг улкан даражада ошиб кетиши, пулларга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли ҳам Deutsche Bank таҳлилчилари дунёда мазкур пуллардан кўра муқобил валюта биткойнлар, олтинга талабнинг ошишини тахмин қилмоқда.
Криптовалюта XXI асрнинг нақд пулларига айланади
Банкирлар назарида криптовалюталар ҳозиргидек пул маблағлари тўпланишининг қўшимча манбаси эмас, аксинча, асосий ҳисоб мезони бўлади, деган фиркда. Криптовалюталарнинг муомаласига тўсиқ бўлган омил ҳозирда ички регулятор бўлаётган бўлса, Ҳиндистон ва Хитойнинг криптовалюталарга нисбатан салбий муносабатини ўзгартираётгани бу пулларнинг келажагини белгилайди.
Бугунги дунё ҳамжамияти нақд пулсиз ҳисоб-китоблар томон интилаётгани ҳолатида келажакда нақд пуллар эмас, пластик карта пулларининг йўқ бўлиб кетишини айтмоқда. Ривожланган мамлакатларда, хусусан, Хитойда тўлов тизимларини оддий смартфонлар ёрдамида амалга ошириш механизми ишлаб чиқилаётгани ўз-ўзидан пластик карта маблағлари келажагини шубҳа остига қўймоқда ва уларнинг йўқолиб кетиш хавфидан дарак бермоқда.
Келаси ўн йилликнинг электромобиллари
Электромобиль машиналарнинг келажаги борасида сўнгги пайтларда кўплаб «хайпли» мақолалар эълон қилинди ва бу турдаги машиналар 2020 йилдаги савдо ҳажмининг бешдан бирини ташкил қилиб турган бўлса-да, кейинги ўн йилликда электромобиллар савдо ҳажми дунё автомобиль бозорининг тенг ярмини эгаллайди.
Немис банки экспертлари ҳаттоки 2030 йилларга бориб парвоз қилувчи автоуловлар ҳам пайдо бўлишини башорат қилмоқда. Учувчисиз дронли уловларнинг кўпайиши борасида немис банки экспертлари қатъий ишончда. Албатта, учувчисиз уловларнинг айни пайтдаги ҳуқуқий асоси етарли даражада ишлаб чиқилмаган, аммо фойдаланувчилар йўллардаги тирбандликнинг камайиши, тиббий дори-дармонлар ва бош маҳсулотларни манзилга тезда етказиш имкони каби ижобий жиҳатларни кўришлари биланоқ, мижозлар ўз ҳукуматларидан учувчисиз бошқариладиган уловларни давлат ҳимоясида ишлаб чиқарилишини талаб қила бошлайди.
Сунъий онгнинг одоб-ахлоқ масалаларидаги ёрдамчиларга эҳтиёжи
Сунъий онг борасидаги фикрлар ҳам тахминлар сирасидан салмоқли жой эгаллади. Сунъий онгнинг кўплаб соҳаларда жорий этилиши ортидан фалсафа ва тилшунослик соҳаларида ўқишни хоҳловчилар контингентига талабнинг ошишига ҳам туртки беради. Сабаби сунъий онг ахлоқий нормаларга риоя қилишида, албатта, уларга этик қарор қабул қилишда ёрдам берадиган ёрдамчилар керак бўлади. Одоб-ахлоқ масалалари айнан сунъий онг билан боғлиқ асосий муаммо бўлишини эътироф этмоқда. Шунинг учун ҳам бизнес вакиллари фалсафа ва тилнинг нозик қирраларини тушуна оладиган тилшуносларга зарурият сеза бошлайди.
Популистларнинг кучайиши, Евроиттифоқ борасидаги шубҳалар ва авлодлар ўртасидаги ихтилоф
Deutsche Bank башоратларида, шунингдек, бир қатор ижтимоий-сиёсий башоратлар ҳам ўрин олганки, булар сирасига ривожланган демократик мамлакатларда кам аҳамият берилаётган уй-жойга эга бўлиш, бойларни солиққа тортиш каби масалалар сайловчиларни популист сиёсатчиларнинг қучоғига отади ва сайловларнинг келажагини ҳал қилади.
Шунингдек, Европа Иттифоқи ва унинг бугунги институтларига бўлган ишончнинг пасайиши ташкилотнинг келажагига салбий таъсир қилиши мумкин. Бу эса евроскептиклар ва марказлашишдан қочувчи кучларнинг сиёсий полигонда ўз нуфузларини мустаҳкамлаб олиши ортидан Европа Иттифоқининг турли бурчакларида айирмачи ва бузғунчиларнинг чиқишларини кучайтиради ва натижада Европа Иттифоқи парчаланиб кетиши ҳам мумкин. Устига-устак, Жанубий Европадаги ночор иқтисодий аҳвол ҳам популистларнинг сиёсий мавқеларини мустаҳкамлаб олишига имкон беради. Айни пайтда Италия ва Грециядаги популистлар ўз ҳукуматларини тузиб олиб, бузғунчиликнинг янги тўлқинини яратишга тиш-тирноқлари билан ҳаракат қилмоқда.
Шундай муаммолар орасида Deutsche Bank авлодлар ихтилофига алоҳида урғу бермоқда. Бугун бутун дунёда аҳоли демографиясида аҳолининг кексайиши тенденцияси кузатилар экан, бу сайловчилар ёшининг ҳам кексайиб бораётганидан ҳам маълум. Шундай вазиятда кекса сайловчилар кексаларга манфаатли бўлган, сахий қурбонликка тайёр бўлган сиёсатдонларга овоз бера бошлайди. Буниси эса «Брекзит» ва Трамп сайловолди ҳаракатлари натижасида анча кўзга кўриниб қолди. Шундай бир вазиятда ёш авлод ҳам барча ҳуқуқларни кексаларга берилишига жим қараб турмай, акс ҳаракатларга қўл уришини кутиш мумкин.
Касаба уюшмаларининг янгича кўриниши ва 6 соатлик иш куни
Рақамли технологиялар таъсирида вояга етиб, улғаяётган ёшлар ҳам ўз курашларида рақамли технологиялардан фойдаланади ва касаба уюшмаларининг янгича ифодаси тартиб бўлишини таъминлайдики, бу эски даврнинг касаба уюшмаларидан ўз тузилиши жиҳатидан ҳам фарқ қилиши мумкин. Овоз бериш, имзо йиғиш, мурожаат йўллаш, ҳаракатларни бошқаришда рақамли технологиялар ёшлар кенг фойдаланадиган усул бўлади.
Ёлланма ишчиларга бўлган талабнинг глобал тарзда ўсиши кексайиб бораётган жамиятларда ёш ишчи кучига бўлган талабни ошириб юбормоқда. Бу эса ёшларнинг олти соатлик иш куни учун сиёсий ҳаракатларни бошлаб юборишига ҳам туртки бўлиши мумкин. Бу эса нафақат ёшларнинг, балки иш берувчиларнинг ҳам манфаатларига мос келадиган тенденциядир. Сабаби иш берувчининг ходимлари камроқ касалликка чалинади, иш маҳсулдорлиги кўтарилади, мижозларнинг қониқиш ҳисси ҳам ортишига ёрдам беради, деб якунланади мақола.
Коронавирус тарқалишида АҚШнинг қўли борми?
Расмий Вашингтон соғлиқни сақлаш соҳаси бюджетини 3 миллиард долларга қисқартирмоқчи бўлиб турган бир вазиятда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ходими АҚШни коронавируснинг эҳтимолий ўчоғи сифатида айблаб чиқди, деб ёзади The Global Times нашри. Мақола муаллифларига кўра, эркин Америка жамиятида коронавирус билан хасталанган беморларнинг аниқ сонини яшириш иккиюзламачилик эмасми, дея сўроқлайди.
Коронавирус қандай тус олган эди, деган савол юзасидан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ходими Чжао Лицзянь 2019 йилнинг октябрь ойида Уханга америкалик ҳарбийлар COVID–19 ни олиб келган деган тахминни илгари сурди. Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг мазкур айбловлари ҳам айрим асосларга эга. Бу асослар, аввало, АҚШ Соғлиқни сақлаш департаменти бир муддат аввал америкаликлар гриппдан вафот этганини очиқлаган, анализлар уларда коронавирус мавжудлигини аниқлаган. Жаноб Чжао АҚШ ҳукуматидан коронавирус атрофидаги барча сирларни оммага ошкор қилишни талаб қилиб чиққан. Хитойликлар ҳозирда мулозимнинг фикрига қўшилган ҳолда АҚШнинг изоҳини кутмоқда.
11 март куни Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази раҳбари Роберт Редфилд вакиллар палатасига ҳисобот берар экан, гриппдан айрим америкаликларнинг вафот этгани, таҳлиллар эса уларда COVID–19 нинг аниқланганини маълум қилган. Бу эса ўз навбатида, АҚШ жамоатчилигида америкаликларнинг соғлиқни сақлаш тизимини шубҳа остида қолдирадиган баҳсларга сабаб бўлган. АҚШ эса коронавирус билан боғлиқ ҳолат юзасидан Хитой ҳукуматини айбдор қилишда давом этиб келмоқда.
АҚШ президенти оддий гриппдан йилига 27 мингдан 70 минггача америкалик вафот этаётганини қайд этган ҳолда COVID–19 дан вафот этганлар сони 22 нафарни ташкил этади, дея баёнот бергани фактларни яширишга уриниш дея баҳоланмоқда.
АҚШ Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш департаменти айни пайтда жамоатчилик, кузатувчилар ва америкалик таниқли шифокорларнинг танқиди нишонига айланди. Улар назарида АҚШнинг бозор қонунлари шароитига мослашган тиббиёти ҳозирда, асосан, фойда олишни кўзловчи тижоратга айланганки, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлиги иккинчи даражали. Шундай бир вазиятда Чжао тарафдорлари АҚШ COVID–19 борасида бирор-бир изоҳ беришини кутмоқда.
Нью-Йоркдаги юқумли касалликлар бўйича мутахассис Мет Макмарти яқинда қилган чиқишида АҚШда таҳлилларни тезда чиқаришга ёрдам берадиган замонавий қурилмаларнинг етарли эмаслиги, касалликни аниқлашга ёрдам берадиган тест тизимларга эҳтиёжнинг кўплиги борасида АҚШ ҳукуматини кескин танқид қилган эди. Унинг бу фикрлари оддий америкаликлар орасида коронавирус билан касалланганлар сони келтирилган рақамлардан-да кўра кўпроқ бўлиши мумкин демоқда.
Бундай воқеалар ортидан кўплаб америкаликлар Трамп маъмуриятини касалликка жиддий эътибор бермасликда, соғлиқни сақлаш ходимларининг масъулиятсиз эканида айблаб чиқмоқда. Бу каби айбловлар президентлик пойгаси авжига чиқаётган бир пайтда содир бўлиши 2020 йил сиёсий манзараси учун қандай таъсир қилади, кузатамиз.
Марказий Осиёча инқироз: Хитой ва Россия, нефть ва геосиёсат
Марказий Осиё мамлакатларининг қисқа мустақиллик тарихида аллақачон бир қатор инқирозлар кузатилди: 1997—1998 йиллардаги инқироз, 2007—2008 йиллардаги дунё инқирози, деб ёзади CАА Network.org нашри. Бу инқирозлар қаторига, шунингдек, 2014 йилда рус рублининг тушиб кетиши ортидан Марказий Осиё давлатларининг валюталари қийматининг пасайишини ҳам киритса бўлади. Бугунги инқироз қаторига Хитой ва Россия геосиёсати таъсири остида қолаётган Марказий Осиё мамлакатларининг нефть соҳасини ҳам мисол қилиш мумкин.
Воқелар ривожи
9 март куни дунё нефть бозорида нефть нархи 30 фоизга арзонлади — Brent нефть савдо маркаси 50 АҚШ долларидан 32,6 АҚШ долларигача пастлади. Арзонлашув Россиянинг ОПЕК ташкилоти, хусусан, Саудия Арабистони билан олиб борган музокарларида нефть нархини камайтирмаслик борасидаги келишувлари натижасиз тугагани билан изоҳланиши мумкин.
Шу орада Россиянинг геосиёсий мақсадлари ҳам кўзга ташланиб қолди. Россия сўнгги пайтларда нефть нархининг ўйнаб туришидан яхши сабоқ олган кўринади, ички иммунитетни қандай сақлаш борасида яхшигина ҳимояга эга бўлиб олганини ҳам кўрдик. Энди Россия нефтнинг сақланиб қолаёган паст нархлари шароитида яна 6—10 йил омон қолишга эришиши мумкин. Бу эса нефть захиралари ва импорт маҳсулотларининг ўрнини босувчи хом ашёнинг яратилгани билан бевосита боғлиқ.
Россиянинг демарши бўлмаган ҳолатда ҳам Осиё иқтисодиётининг гиганти бўлган Хитойдаги нефтга бўлган талаб ва таклиф, шунингдек, юк элтиш ва юкларнинг ҳаракатланишига бўлган босим нефть нархининг қулашига таъсир этиши мумкин эди. Аммо ўзини бирдан нефтга қарам эмасдек тутаётган Россиянинг стратегияси Марказий Осиё мамлакатларини ҳам қийин аҳволда қолдирмоқда. Марказий Осиё бундай сиёсий ўйинга тайёрми, масала мана шу ерда. Россиянинг ўзи-чи?
Рус ҳукумати нефть нархи қулашини кутилган жараён эди деб баҳолаётган бўлса-да, бу бўрттиришлардан ҳоли эмас. 2020 йил 1 март ҳолатига кўра, Россия Фаровонлик фонди ликвидлик маблағлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 9,2 фоизини ташкил қилмоқда ва Россия Молия вазирлиги кўрсатилган маблағлар нефть нархининг паст нархлари даврида яна 6—10 йил мобайнида даромадларни сақлаб қолиш имконига эга экани ҳақида маълумот бермоқда.
Аммо бундай ҳолат келажакда Россиядаги хизмат кўрсатиш соҳасига, қурилиш, транспорт ва кичик бизнесга катта зарба бериши мумкин. Импорт маҳсулотларининг қимматлашуви эса аҳоли харид қувватига катта таъсир қилади. Нефть асосий иқтисодий кўрсаткич бўлган ҳар қандай мамлакатда паст нархларнинг сақланиб қолиши домино эффектини ҳосил қилади ва аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Кремль қанчалик ижобий натижаларга умид қилмасин, факт фактлигича қолаверади.
Коронавируснинг кенг миёсда тарқалиши ишчи кучи мобилизациясига ҳам таъсир қилган ҳолда Россиянинг минтақавийлашувига сабаб бўлади. Минтақавийлашувга юз тутган Россия учун собиқ совет республикаларидаги захиралар асосий ўринга чиқади. Албатта, бу мамлакатларнинг Кремль эришган ютуқларга етишига ҳали эрта.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётда ўзларини глобалистлар, кўп қутбли иқтисодиёт тарафдори сифатида кўрсатаётган бўлса-да, бу улар учун ҳозирча бирор-бир наф олиб келмади. Мисол учун, охирги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз мамлакатларини туризм мамлакатлари сифатида намоён қилмоқда ва маълум маънода Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз мақсадларига эришди ҳам.
2018 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар миқдори 88 фоизга ошди. Бу 2017 йилга солиштирганда салмоқли рақамдир. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати 2021—2025 йилларда сайёҳлик саноатининг ички ялпи маҳсулотдаги улушини 5 фоизга оширмоқчи. Аммо коронавирус хавфи ортидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари айрим мамлакатлардан келаётган сайёҳлар учун виза чекловини жорий этганини эълон қилди.
Энг мураккаб вазият Туркманистонда юзага келади, деса ҳам бўлади. Туркманистон табиий газ захирасига бой давлат сифатида ўз газини асосан Хитойга сотади. Аммо Хитой ҳукумати сўнгги пайтларда Туркманистондан икки орада газ олди-сотдиси борасида шартнома имзолаган бўлса-да, камайтиришга уринмоқда. Бундай вазиятда форс-мажор ҳолатдаги тартиб амал қилишини кутиш мумкин. Туркманистонда аллақачон импорт маҳсулотлари нархининг ўсиши кузатилмоқда ва бу халқаро валютанинг етишмаслиги билан изоҳланмоқда. Углеводородларга бўлган талабнинг кескин тушиб кетиши Туркманистон иқтисодиётида қандай из қолдиради, тасаввур қилиш ҳам қийин.
Қозоғистон ҳам Россия сингари тўпланган захирасига қарамай қийин вазиятда қолмоқда. Ўтган йилда Қозоғистон президенти аҳолининг кам таъминланган қатлами учун президентлик сайловидан норози бўлган тарафлар тазйиқи остида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш учун миллий захирадан маблағлар ажратишга мажбур бўлди. Агарда Қозоғистон давлат бюджети даромадлари 20 фоизга қисқарадиган бўлса, у ҳолда расмий Нур-Султон миллий фондидан 10 миллиард доллар маблағ олишга мажбур бўлиб қолади. Бу эса элбоши 2030 йилга бориб ваъда қилган аҳоли турмуш фаровонлигини кўтариш стратегиясини хавф остида қолдиради.
Хитой Марказий Осиё давлатларининг асосий иқтисодий шериги бўлиб қолаётган пайтда, Кремль ҳам Хитойни бу минтақа бозоридан сиқиб чиқарилишидан манфаатдор. Хитойдаги коронавирус пандемияси тарқалиши ортидан Россия ўз мақсадларига эришишга ҳам улгурмоқда. Марказий Осиёнинг икки мамлакати — Тожикистон ва Ўзбекистон Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига қўшилиш арафасида.
Тожикистон 5 йилдан бери ўзини мазкур ташкилот аъзоси сифатида кўришни хоҳлаб келаётган бўлса, расмий Тошкент кузатувчи мақомида мазкур ташкилотга киришни маъқуллади. Бу вариант эса эски тартибдагидек иш олиб боради, яъни рус компаниялари Марказий Осиёдан хом ашё базаси сифатида фойдаланади, аммо минтақанинг саноатлашиши, рус сармоясининг оқимидан дарак бўлмайди. Минтақада протекционист иқтисодий сиёсат яна фаоллашади. Аммо бундай сиёсат бугунда барча мамлакатлар иқтисодиётида трендга айланиб улгурмоқда.
Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳам Россия талабларининг ўрнини боса олмагани учун ҳам Хитой иқтисодиётининг заифлашуви Россия учун оғриқли масала. Сўнгги пайтларда улкан Евросиё бир-бири билан шундай жипслашдики, уларни айириш мушкул масала бўлиб қолди.
Шундай бўлсада, Марказий Осиё мамлакатлари олдида бугун яна янги синов кўндаланг. Ҳукуматлар инқирозга қарши янги дастурларни ишлаб чиқиши, нефть нархи, рубль қулаган бир вазиятда иқтисодиётга рағбат берадиган янги иқтисодий сиёсатни синовдан ўтказиши, ўз валюталари ва доллар мутаносиблигининг олдини олишга урғу бериши керак.
Бу инқироз Марказий Осиёда айрим нарсаларни ўзгартириб юбориши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро бамаслаҳат ўз иқтисодиётини диверсификациялашга уриниши ижобий ҳолат бўлади. Афсуски, минтақа мамлакатлари асосий масала қолиб, ўз иқтисодий салоҳиятини туризм, ташқи савдо ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга урғу бермоқда. Олдинги инқирозлардан сабоқ олган ҳолда, Россиядан фарқли равишда, ички истеъмолчиларга диққат қаратиш Марказий Осиё мамлакатлари ислоҳотчилари эътиборидан четда қолмоқда.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)