Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори Ботир Тожиев коронавирусдан сақланиш бўйича ўз тавсияларини берди. Унинг тавсиялари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилди.

Фото: «Дарё»

Ботир Тожиевнинг сўзларига кўра, коронавирус инфекциясининг яширин даври 2 кундан 14 кунгача давом этади. Ҳозирги кунда вирус тарқалиши асосан одамдан одамга яқин алоқа оқибатида юз бермоқда. Унинг аломатлари иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳисобланади.

Вирусни барча ёшдаги одамлар юқтириши мумкин. Ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда касаллик оғирроқ кечиши мумкин. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунё давлатлари мутахассислари ушбу вирусга қарши янги вакцина ва даволаш методларини яратиш устида фаол ишламоқда.

Мутахассиснинг таъкидлашича, касалликдан сақланишда қўлларни ювиш ҳақиқатдан ҳам муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, спиртли дезинфекциядан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, уй ҳайвонлари олдидан қайтганда ҳам қўлларни ювишни унутмаслик керак. Шу сабабли, айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун аҳолига қўл ювишнинг аҳамияти ҳақида SMS хабарлар жўнатилмоқда.

Илмий текшириш институти директорининг сўзларига кўра, коронавирусни юқтириб олмаслик ёки унинг хавфини камайтириш учун, аввало, шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилган одамлар билан яқин алоқа қилишдан тийилиш керак. Шунингдек, юзни қўл билан ушламаслик лозим. Имкон қадар бозор, вокзал, катта дўконлар каби одамлар йиғиладиган жойларга боришни камайтириш зарур. Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз ва буринни беркиш керак. Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолиш ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш талаб қилинади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, йўтал, нафас олишда қийналиш каби респиратор инфекция аломатлари кузатилса, шунингдек, тиббиёт ходими сифатида инфекция аломатларига эга беморга қаралаётганда тиббий ниқобни тақиб юриш мумкин. Респиратор инфекцияси аломатлари мавжуд бўлмаган барча ҳолатларда ҳимоя ниқобларини тақиб юришга зарурат йўқ.

Унинг қайд этишича, овқат тайёрлаётганда, хом гўшт ва тайёр овқатни кесиш учун алоҳида чопиш тахталари ва пичоқлардан фойдаланиш зарур. Гўшт ва сут маҳсулотларини ушлагандан кейин қўлларни яхшилаб ювиш муҳим ўрин тутади. Гўшт маҳсулотларини яхшилаб пишириш лозим. Хом ёки чала қайнатилган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақланиш керак.

Зарурат бўлмаганда хорижга чиқишдан чекланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Сафарга чиққанда инфекциядан сақланиш учун юқоридаги айтиб ўтилган, умумий гигиеник қоидаларга қатъий риоя қилиш керак. Бунда аввал қўлларни спиртли нам салфетка ёрдамида тез-тез артиб, совунлаб ювиб туриш керак. Сафардаги кишининг соғлиқ ҳолати ёмонлашса, у билан сафарга чиққан гуруҳ аъзоларига хабар қилиши ва имкон бўлиши билан шифокорни ҳам хабардор этиши керак. Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлардан йироқ бўлиш, агар юқоридаги аломатлар сезилса, сафарни бекор қилган маъқул.

Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways Сеулдан чартер рейсни амалга оширади. Аэропортда йўловчиларни кутиб олмаслик сўралмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда коронавирус сабаб жума намозлари бекор қилинди. Индонезия ҳукумати коронавирусга чалинганларни кимсасиз оролга жойлаштиради.