Коронавирусга қарши курашиш учун ҳар ой 89 миллион тиббий ниқоб зарур. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда 3 март куни ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди.
Бундан ташқари, ЖССТ дунё бўйлаб касалхоналарга ҳар ой 76 миллионта тиббиёт қўлқопи ва 1,6 миллионта ҳимоя кўзойнаги керак бўлишини ҳисоблаб чиққан.
Гебреесуснинг сўзларига кўра, ташкилот 27 давлатга 27 миллион тўпламдаги шахсий ҳимоя воситаларини юборган, аммо улар тезда тугамоқда. Шахсий ҳимоя воситаларидан оқилона фойдаланиш учун ЖССТ махсус тавсияларни ишлаб чиқди.
Унинг таъкидлашича, Хитойда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери ниқоб нархи ўртача олти марта, Н95 респираторлари нархи уч баравар, тиббий кийимлар эса икки баравар ошди.
Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335), Италия (2036) ва Эрон (1501) кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг 64 давлатида коронавирус аниқланган.
Изоҳ (0)