АҚШ Федерал захира тизими коронавирус тарқалиши ва бозорлардаги пасайиш муносабати билан фавқулодда чораларни кўришга киришди. У фавқулодда йиғилишда ставкаларни пасайтирди. Бу 2008 йилги жаҳон молиявий инқироздан бери биринчи марта ставкаларнинг режадан ташқари туширилиши бўлди, деб ёзмоқда «РБК».
Мамлакатнинг Марказий банки сифатида иш юритадиган АҚШ Федерал захира тизими базавий фоиз ставкасини 0,5 фоиз пунктига пасайтириб, 1-1,25 фоизга туширди. Шу вақтга қадар фоиз ставкаси 1,5-1,75 фоиз эди. Ташкилотнинг қарори режадан ташқари бўлди. Мазкур йиғилиш 17—18 март кунлари ўтказилиши керак эди.
Федерал захира тизимининг қарори иқтисодий фаолият учун қўшимча хавф туғдирадиган COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан изоҳланди.
Мавзуга доир: АҚШда коронавирусдан иккинчи киши вафот этди
Коронавирус 2020 йилда жаҳон савдо айланмасини 3,75 фоизга камайтиради, дея огоҳлантиради Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти. Унинг прогнозига кўра, ташкилотга аъзо мамлакатларда талабнинг камайиши сабабли нархларнинг ўсиши секинлашади ва Марказий банклар асосий фоиз ставкаларини ўртача 1 фоиз пунктга туширишга мажбур бўлади.
Қайд этилишича, Федерал захира тизими 2019 йилдан бери эҳтиёткорлик билан ставкаларни пасайтирмоқда. Ундан олдин, ўн йилдан кўпроқ вақт давомида у ставкани кўтарган ёки ушлаб турган.
Фонд бозори Федерал захира тизимининг қарорига ижобий муносабат билдирди. S&P 500 индекси 2,5 фоизга, Dow Jones 2,3 фоизга, NASDAQ 2,4 фоизга ўсди. Бироқ тез орада индекслар ташкилот қароридан олдинги позицияларига қайтди. АҚШ доллари индекси ставка ҳақидаги янгиликлар сабабли тушди.
Қайд этилишича, Федерал захира тизими томонидан кўрилаётган чоралар ялпи талабнинг сезиларли даражада ўсишига олиб келиши мумкин эмас. Бироқ пасайтирилган ставкалар молиявий тизимдаги стрессни енгиллаштиришга ва инвесторларнинг кайфиятини яхшилашга ёрдам беради.
Аввалроқ экспертлар жаҳон иқтисодиёти коронавирус сабаб икки бараварга пастлашини прогноз қилган эди. Таиландга келадиган сайёҳлар сони эса олти миллион кишига камайиши кутилмоқда. Bank of America йил сўнгида охирги иқтисодий инқироздан ҳам оғир дамлар келишини тахмин қилган эди. Халқаро валюта жамғармаси коронавирус сабабли жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг 2 та сценарийсини маълум қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус Хитойдан ташқари яна 64 та давлатда тарқалди. Бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335) кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг 64 давлатида коронавирус аниқланган.