Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурига мувофиқ, фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда, фуқарога пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Давлат дастурини тасдиқловчи фармонда қайд этилишича, Президентнинг 2019 йил 31 октябрдаги қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун пенсияни ҳисоблашда меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилаш «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурида мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилади.
Янги жорий этиладиган тартибга мувофиқ, пенсияни ҳисоблаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилашда архив маълумотлари тақдим этилмайди. Бунда 2005—2016 йиллар даври учун жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.
Шунингдек, 2016—2018 йиллар даври учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан фойдаланилади ҳамда 2019 йил учун фуқаролар иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотлари ҳисобга олинади.
Мазкур даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида фойдаланилади. Фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш ҳамда қўшимча архив маълумотларини талаб қилиб олиш зарурати бўлганда, фуқарога пенсия минимал миқдор бўйича сиртдан расмийлаштирилади ва кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги уч ой муддатда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастури орқали 2020 йил 1 январгача бўлган давр учун зарур маълумотларни ягона тизим орқали йиғиш мақсадида манфаатдор идораларнинг тизим ва маълумотлар базаларини интеграция қилади ҳамда ушбу тизим тўлиқ ишлашини таъминлаш учун маълумотларни рақамлаштиради.
Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ёшининг оширилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган. Бироқ Пенсия жамғармаси пенсия ислоҳоти концепцияси лойиҳасида пенсия ёшини ошириш кўзда тутилмаганини маълум қилди. Собиқ молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам худди шундай баёнот берган. Депутат Расул Кушербаев эса Ўзбекистонда пенсия ёшининг узайтирилиши юз минглаб ишсиз ёшлар «армияси»ни пайдо қилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Президент томонидан имзоланган мазкур фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкентдан пропискасиз уй сотиб олишга рухсат берилади. Пропискасизлар учун алоҳида бож бекор қилинади.
Изоҳ (0)