Хитойдаги вазият

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълум қилишича, бутун мамлакат бўйлаб вирусни юқтириб олганлар сони 78 мингдан ошиб, 32 495 киши даволанишга муваффақ бўлди. Коронавирус билан касалланиш оқибатида вафот этганлар сони 2744 кишига етди.

Фото: Reuters

Коронавирус ўчоғи — Хубэй провинциясида касалликка чалинганлар 65,5 минг кишини ташкил этмоқда. Ўтган бир сутка давомида Хубэйда вирусни юқтириб олиш бўйича 409 та янги ҳолат қайд этилган, 2288 киши даволаниб, уйига жавоб берилган, яна 26 киши касаллик оқибатида вафот этган.

Хитойдан ташқарида коронавирусни юқтириб олиш бўйича 133 та ҳолат қайд этилган: Гонконг (2 киши вафот этган), Макао ва Тайвань — тегишли равишда 91, 10 ва 32 нафар одам. Дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида аниқланган ҳолатлар ҳисобга олинганда 82 027 кишида коронавирус аниқланган, 2800 бемор вафот этган.

Ўзбекистондаги вазият

27 февраль, пайшанба куни, Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилди«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор зарур профилактик тадбирлар ўтказилиб, SARS белгилари йўқлиги тасдиқлангандан сўнг, йўловчиларга карантин хонасидан чиқишларига рухсат берилади», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги самолёт йўловчиларининг изоляцияси бўйича хабар берди. Маълум бўлишича, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан Тошкентга учган самолёт бортида бир йўловчининг саломатлиги ёмонлашганлиги сабабли самолёт соат 20:55 да Сеул аэропортига қайтарилган. Шундан сўнг самолёт Тошкентга 232 нафар йўловчи, 12 нафар экипаж аъзоси билан жами 244 нафар фуқаро учган ва 27 февраль куни пойтахт аэропортига келиб қўнган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум бўлишича, Сеулда саломатлиги ёмонлашиб, инсулт аломатлари аниқланган йўловчи Қирғизистон фуқароси Б.Т. аэропортда тушириб қолдирилган. Б.Т.дан, унинг фарзанди ҳамда бир нафар фуқародан коронавирус инфекциясига  таҳлиллар олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, олинган таҳлил натижаларида қолдирилган йўловчиларда коронавирус аломатлари аниқланмаган.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат расмийлари Макка шаҳрида Умра амалини бажариш ва Мадинада Набавий масжидини зиёрат қилиш учун келадиган фуқароларнинг Саудия Арабистонига киришини вақтинча тўхтатишга қарор қилган. Ушбу чора коронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилаётгани, Саудия ҳукуматининг ушбу масала бўйича расмий қарори ва баёноти бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: Arab News

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Умра визасининг берилиши вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги 2020 йил 27 февраль кунидан эътиборан дунёнинг барча мамлакатлари учун Умра визаси тақдим этишни вақтинча тўхтатган.

Жаҳондаги вазият

Diamond Princess лайнеридан Қозон шаҳрига эвакуация қилинган россияликларнинг уч нафарида коронавирус касаллиги мавжудлиги аниқланди. Энди Россияда пневмонияга чалинган беморларнинг ҳар бири мажбурий тартибда коронавирусга текширилади. «Ушбу талаб мамлакатнинг деярли барча шаҳарларига тааллуқли», — деган «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова.

Шунингдек, Анна Попова коронавирус инфекцияси нафақат ҳаво томчилари орқали, балки ифлос қўллар ва сув орқали ҳам юқиши мумкин, шунинг учун гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини маълум қилган.

Фото: YouTube

Россия 1 мартдан Жанубий Кореяга авиақатновларни тўхтатади.

Бразилияда биринчи марта коронавирусга чалиниш ҳолати тасдиқланди. Шу тариқа Осиёда пайдо бўлган эпидемия шароитида Жанубий Америкада биринчи касалланиш ҳолати қайд этилди. Коронавирус юқтирган одам 61 ёшли эркак бўлиб, у Италиянинг Лобардия провинциясида 12 кун бўлганидан кейин Сан-Паулуга қайтган.

Милан шаҳридан келган финляндияликда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Финляндия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот миллий институти (THL). «Хелсинки вилоятидаги Уусимаа ҳудудида коронавирус инфекцияси кузатилди, буни лабаратория тадқиқотлари ҳам тасдиқлади. Бемор Италия шимолида, Милан шаҳрида, вирусни юқтириб олган. У айни вақтда Хелсинки университети касалхонасида даволанмоқда. Аёлнинг ҳолати анча яхши», — дейилган хабарда.

Foto: Reuters

ICE биржаси маълумотларига кўра, Brent туридаги нефтнинг бир баррели нархи 52,64 долларгача пасайдиWTI туридаги нефтнинг нархи эса 48 долларгача пасайган. Бу 2019 йил 7 январидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Қайд этилишича, бунга коронавируснинг Хитой ташқарисидаги мамлакатларга тарқалиши сабаб бўлган.