«Дарё» қошида ёш журналистлар мактаби иш бошлайди. Ушбу мактабнинг биринчи битирувчилари қаторида бўлишни истайсизми? «Дарё» жамоасига қўшилишни-чи? Унда «Дарё» мактабига ҳужжат топширинг.
«Дарё» мактаби раҳбари – таниқли блогер, «Дарё» муҳаррири Эльдар Асанов. Шунингдек, «Дарё»нинг бошқа тажрибали ходимлари ҳамда таклиф қилинган маърузачилар – машҳур блогер ва журналистлар дарс ўтади.
Мактабга кимлар қабул қилинади?
- бакалавриатнинг охирги курсларида ўқийдиган талабалар;
- магистрантлар;
- ўқишни битирган, ўз йўлини қидираётган ёш мутахассислар.
«Дарё» мактабида ўқиш учун журналист бўлиш шартми?
Йўқ!
Асосий талаб – ёзишга, профессионал журналистик фаолият олиб боришга хоҳиш, маълум мавзуга, йўналишга қизиқиш. Қолганини ўзимиз ўргатамиз.
Сиёсатшунослик, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, социология ва бошқа соҳалар бўйича ёш мутахассисларни бажонудил ўқишга қабул қиламиз.
«Дарё» мактаби тингловчисининг тахминий портрети
- 19 – 27 ёш орасидаги йигит ёки қиз;
- қайси соҳада ўқиши, қайси йўналишни битирганидан қатъи назар, профессионал журналист бўлиш хоҳиши;
- муайян мавзуга қизиқиш: иқтисодиёт, ташқи сиёсат, спорт, юриспруденция, маданият ва ҳоказо.
«Дарё» мактаби тингловчисига айланиш учун нима қилиш керак?
Ҳужжат топшириш!
Ниятингиз қатъий бўлса, «Дарё»га қуйидаги ҳужжатларни юборинг:
- CV ёки объективка;
- ўзингиз ёзган 2–6 бет матн (чоп этилган ёки чоп этилмаган);
- мотивацион хат; унда нега «Дарё» мактабига қизиқаётганингиз, «Дарё»га нима бера олишингиз, келажакдаги режаларингиз, шунингдек, қизиққан йўналишингиз (сиёсат, иқтисодиёт ва ҳ.к.) ва жанрингиз (хабар, суриштирув, аналитика, интервью, сторителлинг ва ҳ.к.) аниқ кўрсатилиши лозим.
Барча ҳужжатлар электрон файл ҳолида битта хатга илова тарзида info@simple.uz манзилига юборилиши лозим. Ҳужжатлар 20 февралгача қабул қилинади. Танловдан ўтганлар электрон манзилига 29 февралга қадар табрик хати ва кейинги ҳаракатлар инструкцияси юборилади.
«Дарё» мактабида ўқиш бепул. Энг иқтидорли тингловчилар «Дарё»да ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади.
Изоҳ (0)