Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов 2020 йил 4 январь куни бобо бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг Рашид Холиқов ўғил неварани дунёга келтирган келини Файрузага Malibu Turbo машинасини, рафиқасига эса BMW Х7 автомобилини совға қилган эди.

Фото: Instagram/@rashidkhalikov

Жараён хонанданинг санъаткор дўстлари томонидан видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган, ҳолат жамоатчилик ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шундан сўнг Рашид Холиқов «шу қилмиши учун» «запрет»га тушгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга маълум қилишича, бу гап-сўзлар асоссиз.

«Рашид Холиқов ҳақида тарқалган гап-сўзлар асоссиз. Бугунги кунда бирорта хонанданинг ‘Ўзбекконцерт’ билан, шунингдек, лицензия масаласида муаммоси йўқ. Кимдадир муаммо бўлса, у ҳам лицензия учун қонунчиликда белгиланган божни тўламагани билан боғлиқ бўлиши мумкин», — деди «Ўзбекконцерт» раҳбари.

Рашид Холиқовнинг администратори Равшан Холиқов ҳам хонанданинг «запрет»га тушгани ҳақида тарқалган маълумотларнинг асоссиз эканлигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, бундай асоссиз гап-сўзлар, миш-мишлар сўнгги тўрт-беш йилдан буён мунтазам тарқалади.