Humo Air авиакомпанияси Humo Air реклама агентлигидан товар белгисини сотиб олишга тайёр. Бу ҳақда Транспорт вазири Элёр Ғаниевга таяниб, Spot хабар берди.

Скриншот: «Humoair.uz»

«Авиакомпания энди товар белгисини сотиб оладими?» дея берилган саволга вазир «албатта, ҳа», дея жавоб қайтарган. «Буларнинг барчаси амалга ошади. Барчаси расман рўйхатдан ўтказилган», — дейди вазир авиакомпаниянинг нафақат товар белгиси, балки домени ҳам олиб қўйилгани тўғрисидаги саволга жавоб бераркан.

18 январь куни эрталаб бош вазири Абдулла Арипов Humo Air давлат авиакомпанияси яратилишини маълум қилди. Шу куннинг ўзида номаълум жисмоний шахс «Humoair.uz» доменини 2021 йилга қадар ўз номига рўйхатдан ўтказган.

Орадан икки кун ўтгач, Humo Air товар белгиси ҳам рўйхатдан ўтказилган. Шундан сўнг «Humoair.uz» сайти ишга туширилиб, унга Humo Air реклама агентлигининг маълумотлари жойлаштирилган.

Интеллектуал мулк соҳасидаги экспертларнинг таъкидлашича, авиакомпаниянинг товар белгиси ва домени қонуний равишда ҳамда ҳеч қандай ҳуқуқлар бузилмаган ҳолда олинган.

«Шу сабабли ҳеч бўлмаганда товар белгисини рўйхатдан ўтказиб, кейин эълон қилиш керак эди. Ўшанда доменни қайтариб олиш имкони бўларди», — дейди эксперт.

Таъкидланишича, домен ва товар белгиси бир кишига тегишли, шу сабаб авиакомпания уни сотиб олиши ёки Humo Air номидан воз кечиб, бошқа ном топиши керак.