Ижтимоий тармоқларда қўлида болта кўтарган аёл уйини бузилишлардан ҳимоя қилаётгани акс этган видео тарқалди. Аёлнинг сўзларига кўра, унинг уйи иккинчи марта «снос»га тушган, деб хабар беради «Sof.uz».

Кадр: YouTube

Таъкидланишича, воқеа Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Гулобод» маҳалласида содир бўлган.

Эгнига Президент Шавкат Мирзиёевнинг портретини осиб олган аёлнинг қўлида болтаси ҳам бор.

«Иккита болам билан кўчага қолиб кетдим, мени тепиб ҳайдаб чиқаришди. Мен жойимни энди бермайман. Болталайман, бензин қуйиб юбораман. Қўрқадиган жойим йўқ. Меҳнат қилганман. Сизлар келиб огоҳлантиришларинг керак эди. Келишув битими қилиб, бу ердан янги уй қуриб берганларингда чиқиб кетар эдим», — дейди аёл.

«У иссиқ уйида бола-чақаси билан ўтирибди, нима учун мен уйимни ташлаб чиқишим керак», — дейди аёл ҳоким ҳақида.

Воқеа иштирокчиларидан бири аёлга туман ҳокимлигига бориб мурожаат қилишни маслаҳат беради.

«Менга ҳокимларинг ҳақида гапирманг. Аввалги уйимни сотиб юборди. У иссиқ уйида бола-чақаси билан ўтирибди, нима учун мен уйимни ташлаб чиқишим керак? Мен бу уйни текинга олмаганман, аукционда сотиб олганман», — деб гапини давом эттиради аёл.

Аёл буларнинг барчаси вилоят ҳокими буйруғи билан бажарилаётганини таъкидлайди.

«…Мана туман прокурорининг муовини кечирим сўраяпти ва айтяптики, бу ишлар ҳокимнинг буйруғи билан амалга ошяпти. Мана Шавкат Миромонович. Президентдан бошқа ҳеч кимга ишонмайман», — дейди аёл.