9 февраль, якшанба куни, «Сайгачий» мажмуа буюртмахонасида ўрнатилган фотоқопқон нигоҳига 35 бош сайғоқ тушиб қолди, деб хабар берди Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Сўнгги беш йил ичида мамлакатда сайғоқ популяцияси учрамаганлиги сабабли бу ўзига хос муҳим ҳодиса бўлди, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бугунги кунга келиб сайғоқ қисқариб бораётган тур сифатида Халқаро ҳамда Ўзбекистон қизил китоблари рўйхатига киритилган. Хусусан, Устюрт популяцияси сайғоқлари қисқариб бораётганлиги сабабли уни сақлаб қолиш учун зарур чора-тадбирлар қабул қилишни талаб этади.
2010 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида сайғоқларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва барқарор ривожлантириш бўйича ўзаро келишув имзоланган. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилда Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда «Сайгачий» мажмуа буюртмахонаси ташкил этилган.
Аввалроқ Устюрт платосининг «Устюрт» қўриқхонаси ҳудудига ўрнатилган тузоқ-камера леопардни расмга туширишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)