Ўзбекистондаги диний қадамжоларга хориждан келадиган зиёратчиларга мажмуаларга «кириш вақтида шартларни қўйиш» керак. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Музаффар Комилов 11 февраль куни журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.
Музаффар Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга келган сайёҳлар орасида шунчаки тарихий обидаларни томоша қилиб, улар олдида суратга тушадиганлардан ташқари «муайян бир зиёратни амалга оширадиганлари ҳам бор». Айниқса Самарқанддаги Имом Бухорий, Бухородаги Нақшбанд, Етти пир каби мажмуаларда сайёҳлар зиёрат тартиб-қоидаларига риоя этишлари мақсадга мувофиқ.
«Истанбулда диний мажмуаларга эркакларни шортик (калта иштон)да киритмаслик талаби қўйилганига гувоҳ бўлганмиз. Буни кўриб хурсанд бўлгандим, улардан ўрганадиган жойимиз бор экан... Демак, тарихий обидаларимиз, диний масканларимизга четдан келадиган зиёратчиларга кириш вақтида шартларимизни қўйишимиз керак экан», — деди Дин ишлари бўйича қўмита масъули.
Унинг қўшимча қилишича, бу борада Ўзбекистоннинг сайёҳлик компаниялари ҳам фаоллик кўрсатиши керак — Ўзбекистонга келмоқчи бўлганлар сайёҳларга: «Мана бундай пакетларимиз бор, лекин бундай талабларимиз ҳам бор», дейиши мақсадга мувофиқдир. Шунда Ўзбекистон масжидларига ҳар хил ҳолатда кириб, ўтириб олганган сайёҳларнинг суратлари интернетларда тарқалиб кетмайди, деб ҳисоблайди Музаффар Комилов.
Маълумот учун, Ўзбекистонга 2018 йилда 5,3 миллион нафар, 2019 йилда эса 6,7 миллион нафар чет эллик ташриф буюрган. Аҳолиси асосан мусулмонлар бўлган мамлакатлардан Ўзбекистонга келувчилар сони кўпайгани таъкидланган эди. Хусусан, 2018 йилда Туркиядан салкам 41,3 минг киши, Покистондан 5,5 минг киши, Малайзиядан эса 2,7 минг киши ташриф буюрган эди.
Изоҳ (0)