Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 8 февраль куни хорижий давлатлардан 29 та самолёт қабул қилиниб, 4268 нафар фуқаро, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марказий Санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 4 та поездда жами 535 нафар фуқаро, давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 34145 нафар фуқаро термометриядан ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирусга қарши марказий штаби маълум қилди.
Қайд этилишича, Хитойдан учта чартер рейс орқали олиб келинган ҳамда тиббий кузатувдаги фуқароларнинг термометриядан ўтказиш, ниқобларни ўз вақтида алмаштириш ва хоналарни шамоллатиш ҳамда намли тозалаш ишларини ўтказилиши малакали эпидемиологлар томонидан назоратга олинган.
Шунингдек, дезинфектор мутахассислар томонидан кунига икки маҳал ётоқхоналар, ваннахоналар ва ошхона зарарсизлантирилмоқда. Ошхонада ишлатилган идиш-товоқларни зарарсизлантириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юқумли касалликлар шифокорлари томонидан икки маҳал тиббий кўрик ўтказилмоқда. Фуқаролар орасида тана ҳарорати меъёрдан кўтарилган ва коронавирус инфекцияси белгилари мавжуд фуқаролар аниқланмади.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва унда янги коронавирус инфекциясини республика ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар бўйича тегишли идораларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 8 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.
Эслатиб ўтамиз, янги коронавирус инфекцияси бўйича расмий маълумотларни олиш ҳамда ўзингизни қизиқтирган саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида ташкил этилган штабга +998 (71) 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)