«Халқлар дўстлиги» саройи олдида 1 февраль, шанба куни, йўл-патруль хизмати инспекторларига замонавий ускуналар билан жиҳозланган хизмат автомобилларини топшириш, намунали ходимларни тақдирлаш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаларига хизматда фойдаланиш учун жами 138 та транспорт воситаси, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига 10 та, Андижон вилоятига 10 та, Бухоро вилоятига 8 та, Фарғона вилоятига 9 та, Жиззах вилоятига 11 та, Хоразм вилоятига 11 та, Наманган вилоятига 10 та, Навоий вилоятига 9 та, Қашқадарё вилоятига 11 та, Самарқанд вилоятига 12 та, Сирдарё вилоятига 10 та, Сурхондарё вилоятига 12 та, Тошкент вилоятига 9 та ҳамда Тошкент шаҳрига 9 та автомашина ажратилди.
Жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги самарали меҳнатлари, ўз хизмат бурчини бажаришда жонбозлик кўрсатгани учун Фарғона вилояти ЙҲХББ инспектори, сафдор Элёр Бегматов ҳамда Бухоро вилояти ЙҲХББ инспектори, сержант Акобир Ҳодиев телевизорлар билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор соҳа ходимларига фахрий ёрлиқлар топширилди.
2019 йил давомида жамоат тартибини сақлаш, содир этилиши мумкин бўлган ЙТҲнинг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тарғиботини ошириш йўлида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишда ижобий натижаларга эришганлиги, олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда хизматни самарали ташкил этганлиги муносабати билан Ички ишлар органларининг ҳудудий ЙҲХБ жамоавий тарзда тақдирланди. Соҳа тизимларида ижобий натижаларга эришиб, 1-ўринни эгаллагани учун Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ Tracker автомобили билан, 2-ўринни эгаллаган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Gentra, 3-ўринни эгаллаган Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБга Nexia-3 автомобили топширилди.