Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси янги коронавирусни юқтириш билан боғлиқ 14 380 та ҳолатни қайд этди. Бутун дунёда касалланганларни ҳисобга олганда бу кўрсаткич 14 562 кишини ташкил этмоқда.
305 киши янги вирус қурбони бўлди. Хитой ташқарисида касаллик оқибатида вафот этиши билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди: Филиппинда Ухандан келган эркак 1 февраль куни ҳаётдан кўз юмган. Маълумот учун, шу вақтга қадар коронавирус билан касалланиш ҳолатлари Хитойдан ташқари АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония, БАА ва Россияда қайд этилди.
Хитой расмийлари коронавирусга қарши кураш учун хайрия қилинган импорт товарларини бождан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Гап тиббий ҳимоя ниқоблари, дезинфекция воситалари, тез ёрдам машиналари ва бошқа маҳсулотлар ҳақида кетмоқда.
Мавзуга доир: Хитойнинг коронавирус ўчоғига айланган Ухань шаҳрида 10 кунда минг кишилик касалхона қуриб битказилди
2 февраль, якшанба куни, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тезкор тиббий ёрдам мувофиқлаштириш маркази томонидан 83 нафар қозоғистонлик, жумладан, 80 нафар талаба Ухань шаҳридан эвакуация қилинди.
Янги Зеландия эса Хитойда бўлган хорижликларга мамлакат ҳудудига киришни тақиқлаб қўйди. Энди Янги Зеландия ҳудудига чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтган ва 14 кун карантинда бўлган мамлакат фуқаролари ва уларнинг хориждаги яқин қариндошлари кириши мумкин. Тақиқ 3 февралдан кучга киради.
Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ республикаси раиси Си Цзиньпинга мамлакатда тарқалган коронавирус туфайли кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллаб, Ўзбекистон ҳукумати ушбу касаллик тарқалишига биргаликда қарши курашиш чораларини Хитой билан яқиндан мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдирган.
Мавзуга доир: «Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон халқи сизга елкадош бўлади». Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбарига ҳамдардлик билдирди
Ташқи ишлар вазирлиги Хитойдаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш учун Пекиндан Тошкентга чартер рейслар 4 ва 5 февраль кунлари Пекин аэропортнинг 2-терминалидан амалга оширилишини маълум қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан 3 февраль, душанба куни, Пекин шаҳридага элчихонага келишларини сўраган.
Шунингдек, вазирлик авиақатновлар бекор қилингани туфайли Пекин аэропортида қолиб кетган 3 нафар ўзбекистонлик талабага ёрдам кўрсатилишини маълум қилиб, талабалар билан алоқа ўрнатиб, муаммони ҳал қилиш бўйича дипломатлар тегишли чораларни кўраётганини эълон қилди.