2 февраль куни Қозоғистон фуқаролари соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тезкор тиббий ёрдам мувофиқлаштириш маркази томонидан мамлакатга 83 нафар фуқаро, жумладан 80 нафар талаба Ухань шаҳридан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг расмий сайти хабар берган.
Хабарга кўра, фуқароларни эвакуация қилишда барча ҳимоя воситалари билан таъминланган қозоғистонлик шифокорлар иштирок этган.
Хитойдан етиб келганларнинг соғлиғи текширувдан ўтказилгач, улар 14 кун муддатга пояхтдан 7 километр узоқликдаги кўп тармоқли шифохонанинг инфекцияга қарши махсус корпусига карантинга олинган.
Коронавируснинг Қозоғистон ҳудудида пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича ҳукумат қошидаги идоралараро комиссия ҳам клиника инфексион хавфсизликни таъминлаш бўйича зарурий технологиялар, замонавий ташхис, даволаш ва реанимацион қурилмаларга эга экани, у ерда малакали тиббиёт ходимлари фаолият олиб боришини қайд этган.
Мавзуга доир:
«Карантин даври давомида Хитойдан олиб келинган қозоғистонликлар билан фақат ўта хавфли юқумли касалликлар билан ишлаш амалиётига эга малакали тиббиёт ходимлари мулоқот қилади. Эвакуация қилинган фуқароларнинг қариндош-уруғлари бу ҳақда огоҳлантирилган ва карантин даври бўйича регламент билан таништирилган», – дейилади ахборотда.
Мавзуга доир:
Идоралараро комиссия аҳолидан нотўғри ахборот тарқатмаслик ҳамда расмий манбалардан тарқатилган хабарларга ишонч билдиришни тавсия қилган.