Ўзбекистонда «humoair.uz» сайти ишга тушди, деб хабар бермоқда Spot. Сайтда кўрсатилишича, у реклама агентлигига тегишли.

Фото: Spot

Абдулла Арипов 18 январь, шанба куни янги Humo Air авиакомпанияси ташкил этилишини эълон қилган эди. Шу куни қандайдир жисмоний шахс «humoair.uz» доменини рўйхатдан ўтказган. Орадан икки кун ўтиб Humo Air товар белгисини рўйхатдан ўтказиш бўйича талабнома киритилган.

Бунга параллел равишда Вазирлар Маҳкамасининг Humo Air МЧЖ янги авикомпанияси яратилишини тасдиқловчи қарори чиқди. Ҳужжатга кўра, янги ташкил этиладиган авиакомпанияга ички рейслар учун «Ан-2» русумли 43 та самолёт ва бошқа мулклар ўтказиб берилиши кутилмоқда.

Интеллектуал мулк мутахассисларининг фикрига кўра, авиакомпаниядан домен ва товар белгиси илиб кетилган бўлса ҳам, ҳеч қандай ҳуқуқлар бузилмасдан, қонун доирасида амалга оширилган. Чунки домен ва товар белгиси рўйхатдан ўтказилган вақтда компания йўқ эди.

Шунингдек, уларнинг таъкидлашича, домен ва товар белгиси битта шахсга тегишли бўлса, янги ташкил этиладиган авиакомпания ҳар иккаласини сотиб олишга ёки Humo Air номидан воз кечиб бошқа ном топишига тўғри келади.