Хитойнинг Хубей провинциясида коронавирус тарқалиши туфайли Ухань билан бирга 13 та шаҳар ёпиб қўйилди, деб хабар берди «Корреспондент».

Фото: Reuters

Вирусга қарши кураш чора-тадбирлари 30 миллион кишини қамраб олган.

Мамлакат ҳукумати янги турдаги вирусни юқтирган беморлар учун шошилинч равишда касалхона қуриш ёки касалхоналарда мингта койка ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Дастлаб вирус аниқланган Ухань шаҳрида Янсзи дарёси остидаги автомобиль туннели ёпиб қўйилган. Кўприкларда постлар ишламоқда. Барча пиёдалар, ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг тана ҳарорати текширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг аҳоли зич жойлашган Ухань шаҳрида пневмониянинг номаълум тури пайдо бўлишига илгари номаълум бўлган коронавирус сабаб бўлгани аниқланган. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 1 723 минг нафарни ташкил қилган. Ушбу натижа Хитой ташқарисида вирус билан зарарланиш ҳолатлари кузатилган ҳолатлар ҳисоб-китоби таҳлили асосида олинган. Ҳозирда вирус юқтириб олганлар ва касаллик оқибатида вафот этганлар сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ТИВ коронавирус туфайли Хитойга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларни яна бир бор эҳтиёт чораларини кўришга чақирганди. Вазирлик аввал ҳам бу ҳақда фуқароларни эҳтиёткорликка чақирган. ССВ эса Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Хитойнинг Ухань шаҳрида Осиё—Океания минтақалари учун бокс бўйича 3—14 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Токио олимпиадаси мусобақаси бекор қилинганини маълум қилган.

Коронавирус хавфи туфайли Европанинг бир нечта компанияси охирги уч ҳафтада жиддий молиявий зарар кўрган. Хитойда коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширган шахслар умрбод шарманда бўлишдан огоҳлантирилган, шунингдек, мамлакатда пластик пакет ва найчалардан фойдаланиш тақиқланган. Аввалига Хитойнинг Ухань шаҳрида оммавий туризм тақиқланди, кейинроқ Шимолий Корея коронавирус сабабли мамлакатга туристларнинг киришига тақиқ қўйган. Вирус сабаб Forbes’нинг энг бой одамлар рўйхатида етакчи алмашди.