Американинг Мичиган штатида яшовчи фуқаро сотиб олган эски диванида унинг аввалги эгаси томонидан пул яшириб қўйилганини пайқаб қолди ва уларни қайтариб берди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берган.
64 ёшли Говард Кирби (Howard Kirby) 70 доллар эвазига эскироқ диван сотиб олган. Бироқ диваннинг қаттиқлиги унга ноқулайлик туғдира бошлади. Орадан бир неча ҳафта ўтгач Кирби диван астарини алмаштириш ва нима сабабдан ётишда ва ўтиришда ноқулайлик пайдо бўлаётганини аниқлашга уринди. У диван қопламаси остидаги қутида 43 минг доллар пул борлигини кўрди.
Кирби адвокати билан суҳбатлашгач, пулларни қайтармаса ҳам қонун бузилмаслигини билди. Лекин шунга қарамай виждонига қарши бормади ва диванни сотиб олган хайрия дўконига пулларни олиб бориб, уларни эски эгаларига қайтаришни илтимос қилди.
Кейинчалик, Ким Фо-Ньюберри (Kim Fauth-Newberry) исмли қизнинг бобоси вафотидан кейин диванни хайрия қилгани маълум бўлди. Қиз диван ичида пуллар яширилганини хаёлига ҳам келтирмаганини айтган. Оила аввалига диванни ёқмоқчи бўлгани, бироқ хайрия дўкони уни олишга рози бўлгач ушбу фикрдан қайтганини билдирган.
«Бу пуллар уларга тегишли эди. Мен жамғарилган пулларнинг эгаларига қайтарилганидан хурсандман. Ҳар бир ҳалол инсон ўрнимда бўлганида шундай қилган бўларди», – деган Кирби.
Изоҳ (0)