«Дарё» сайтида  ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

13 январь куни вилоятларда янги чақириқдаги Халқ депутатлари вилоят кенгашларининг илк сессиялари бўлиб ўтди. Бундай сессиялар, жумладан, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ўтказилди. Сессияларда вилоят ҳокимлари қайта тасдиқланди. Барча вилоят ҳокимлари айни вақтда депутат ҳамдир. Барча вилоят ҳокимлари деярли бир овоздан тасдиқланди.

16–17 январь кунларида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш жараёни бўлиб ўтди. Маълумки, сайловчи депутатни бевосита сайлаган бўлса, Сенат аъзоси сайловчи ишонч билдирган вакили – депутат томонидан билвосита сайланади. Кейинги беш йилликда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам маълум бўлди. Аъзолар рўйхатида таниқли тадбиркорлар, вилоятда бообрў оқсоқоллар ва, албатта, вилоят ҳокимларини учратишимиз мумкин.

Ўзбекистон Конституциясида Сенатнинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан сараланиб Президент тайинлаши белгиланган. Бу ҳафта махсус фармон билан 13 нафар сенатор тайинланди. Улардан икки нафари ҳукумат аъзоси, яна икки нафари эса Президент администрацияси вакили. Сенатнинг аввалги таркибида бўлган сенаторлардан фақат Элмира Боситхонова, Миракбар Раҳмонқулов, Қувондиқ Санақулов ва Содиқ Сафоев қайта тайинланди. Аввалги таркибдаги Қаҳрамон Қуронбоев, Рустам Иноятов ва яна беш нафар аъзо ҳозиргисида йўқ (17 январь ҳолатига кўра). Сенатдаги энг ёш аъзо эса Ёшлар Иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаевдир.

* * *

Фото: ЗарNews

13 январь куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги йўлда 13 та машина бир-бирига урилиб катта автоавария юз берди. Кинолардагидек устма-уст тахланган машиналарнинг фотосурати интернет тарқалиб кетди, кўп ўтмай вилоят ИИБ йўл хавфсизлиги бошқармаси ахборот берди. Автоавария йўл музлагани ва туман оқибатида келиб чиққан. Маълум бўлишича, воқеа жойига инспекторлар борганда атиги иккита машина қолган бўлган. Кўнгилсиз ҳодиса оқибатида икки киши енгил тан жароҳати олган. Асосийси, ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

* * *

Ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларнинг якуний натижалари эълон қилинди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати барча маълумотларни умумлаштирган ҳолда қайси сиёсий партия ҳудудларда яхши натижа қайд этганлини таҳлил қилди. Хўш, ҳудудлардаги оддий аҳоли қайси партияни кўпроқ қўллайди?

Фото: «Юксалиш»

Энг кўп депутатлик ўрнини ЎзЛиДеП (303 жой ёки 36,5 фоиз) вакиллари эгаллаган. Сайловолди пойгасини иккинчи бўлиб ХДП (21,8 фоиз) якунлаган. 3-ўринда «Миллий тикланиш» ДП (19,1 фоиз). «Адолат» СДП (12,9 фоиз) тўртинчи, Экопартия вакиллари эса бешинчи (9,7 фоиз) ўринни қайд этган.

Мавжуд 831 та ўриннинг 260 таси (31 фоиз) аёлларда. Энг яхши кўрсаткич Навоий вилоятида (38,3 фоиз) кузатилган, кейинги ўринлар Самарқанд (36,7 фоиз) ва Жиззах (35,1 фоиз) вилоят Кенгашлари ҳиссасига тўғри келади. Энг кам аёллар Сирдарё вилояти Кенгашида —24 фоиз.

* * *

15 январь куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров Тошкентга келди. Лавров Тошкентда севимли таоми лағмон билан қарши олинди. Бир кун ўтиб Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Шунингдек, Лавров Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, Шавкат Мирзиёевнинг Россияга келгуси ташрифи масалаларида фикр алмашди.

Фото: «Дарё»

Россия Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига жалб этишга астойдил уринаётган бир пайтда Сергей Лавров ташриф буюргани эътиборга моликдир.

* * *

Блогер Абдуфатто Нуритдинов суд белгилаган жазони ўтаб чиқди.

Отабек Нуритдинов.

Фото: «Qalampir.uz»

Охирги кунларда андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов 15 суткага қамалиши жамоатчилик диққат марказида бўлди. Ижтимоий тармоқларда Отабек Нуритдинов тахаллуси билан танилган блогер ўз постларида, асосан, Асака шаҳридаги мансабдорлар фаолиятидаги эҳтимолий коррупсион фактлар, бюджет маблағини ўғирлаш ва талон-торож қилиш ҳолатлари ҳақида ёзган. 30 декабрь куни таълимдаги мансабдорлар ва туман «Сувоқова» раҳбари Нуритдинов устидан шикоят ёзганидан сўнг суд шу куннинг ўзидаёқ уни туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айблаб 15 суткага ҳукм қилган эди. Нуритдинов судда айбни тан олмаган. Унинг адвокати судда жуда кўп процессуал қоидабузарликлар бўлганини айтган.

Андижонлик блогер ишига муносабат билдираркан, АОКА раҳбари Комил Алламжонов туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини имкон қадар тезроқ бекор қилиш зарурлигини таъкидлаганди.

Абдуфатто Нуритдинов ичкаридалигида ўғил фарзандли бўлган ва чиқиши биланоқ уларни кўргани туғруқхонага борган.

* * *

Ҳафтанинг хушхабарларидан бири бош вазир Абдулла Арипов шу йили янги ўзбек авиакомпанияси тузилиши ҳақида эълон қилгани бўлди. Гарчи бўлғуси Humo Air авиакомпанияси номи анъанавийлиги билан таажжуб уйғоца-да, «ҳумошка» «ҳавошка» монополиясини битириши ва учиш нархлари пасайишига бир оз умид юзага келди. Бош вазирнинг таъкидлашича, авиакомпания аввалига республика ичида амалдагидан анча арзон нархда мунтазам авиарейсларни амалга оширади. «...Бу вазифани 2020 йилда ташкиллаштириб, бажарамиз», деди Абдулла Арипов.

* * *

Сайлов ўтгач, мамлакат ҳудудида электр ўчиш ҳолатлари кескин ошди. «Дарё» бу ҳафтанинг ўзидаёқ муштарийлардан электр ўчаётгани ҳақида ўнлаб хабарлар олди. Андижонликлар «кунига ўн соатдан электрсиз яшаётганлигидан» нолиган бўлса, бухороликлар ҳокимлик тасдиқлаган жадвал асосида электр тинимсиз узилаётганлигидан азият чекяпти. Айтиш керакки, электри ўчаётган фақат улар эмас.

18 январь куни Энергетика вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Дарё» мухбирининг қачон энергия тақчиллигига барҳам берилиши ҳақидаги саволига жавоб берди. Унинг айтишича, «...Электр энергиясини ишлаб чиқаришга бемалол имкониятимиз ҳам етарли, лекин ёқилғи тақчиллиги бор. Газ йўқлиги туфайли электр станциялари ишламаяпти. Бу кўпроқ электр энергетикага эмас, нефть-газ соҳасига боғлиқ. Демак, улар белгиланган миқдордаги табиий газни етказиб бериш бўйича режани бажаришса, электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича режа сўзсиз бажарилади...»

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.