Шимолий қутб ёғдуси ва умуман шимолий қутбга тааллуқли кўп нарсалар одамзотга қадимдан маълум. Бироқ худди шунинг акси бўлган Жанубий қутбдаги географик объектларни одамзот нисбатан яқиндагина – атиги икки аср аввал очган холос. Шу жумладан, Жанубий қутб айланасини кесиб ўтишга фақат 1773 йилга келиб машҳур инглиз денгизчиси Жеймс Кук муваффақ бўлган эди. Ўша воқеа 17 январь санасида рўй берган. Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ўша воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Жеймс Кук шахси катта авлод вакилларига Владимир Висоцкийнинг ҳазил қўшиғи орқали яхши таниш. Жаҳонгашта денгизчи капитан Кукни Гавайи оролларида маҳаллий халқ вакиллари еб қўйган деган тахмин мавжуд. Ўша пайтда у 50 ёшда бўлган. Бироқ унгача капитан Кук бир қанча йирик географик кашфиётлар қилишга улгурган ва йирик илмий тадқиқот экспедицияларига бошчилик қилган эди. Хусусан, у Шимолий Америка қирғоқлари, Канада, Аляска, Беринг бўғози, Австралиянинг шарқий соҳиллари ҳамда Янги Зеландияни тадқиқ қилиб, бу ҳудудларнинг энг сифатли ва ишончли хариталарини тузиб чиққан. Ниуэ, Янги Каледония, Янги Гебрид, Жанубий Георгия оролларини ҳамда Жанубий Сендвич архипелагини кашф қилган. Шунингдек, у 1770 йилда Янги Зеландиянинг иккита мустақил оролдан иборат эканини исботлаб берган эди. Ўшанда Кук кемасини Шимолий ва Жанубий орол орасидаги тор бўғоздан олиб ўтган. Ҳозирда ушбу бўғоз унинг номи билан Кук бўғози деб аталади.
Капитан Кук уч марта дунё океани бўйлаб саёҳатга чиққан. Шулардан иккинчисида у «Резолюшн» ва «Адвенчер» кемаларига бошчилик қилиб, асосан Африканинг Яхши умид бурни ва Жанубий Американинг Горн бурнидан жанубидаги сувларни тадқиқ этган. Кукнинг бу саёҳатигача бўлган замонларда одамлар Атлантика, Тинч ва Ҳинд океанлари қаердадир бирлашиши мумкинлигини фақат тахмин қилар, назарий жиҳатдан бу океанлар туташмаслиги ҳам мумкин деган қараш мавжуд эди. Кук эса океанларнинг жанубий қисмларига имкон қадар жануброққа сузиб боришни мақсад қилган. Бунинг учун у Африка ва Жанубий Американинг энг жанубий қирғоқлари бўлмиш Яхши умид ва Горн бурунларидан жанубда ғарбдан шарққа томон сузиб, бу ҳудудда ҳақиқатан ҳам океанлар ўзаро туташишини исботлади. Ўшанда Жеймс Кук ушбу ҳавзани Жанубий океан деб алоҳида эътироф этишни ҳам таклиф қилган эди. 1772–1775 йилларда амалга оширилган саёҳатда Жеймс Кук инсоният тарихида илк бора Жанубий қутб айланасини кесиб ўтган ва Жанубий қутб ёғдусини кузатишга муваффақ бўлган. Бу пайтгача олимлар худди шимол ёғдуси – aurora borealis сингари жанубий қутбда ҳам ёғду бўлиши кераклигини фақат тахмин қилар эди. Бундай ёғду ҳақиқатан ҳам рўй беришини айнан Жеймс Кук аниқлаб берган ва ёғдуга aurora australis, яъни жанубий ёғду дея ном берилган.
Ўша саёҳатда капитан Кук 71º10′ жанубий кенгликкача сузиб бора олди. У жанубий қутб тарафда ҳам материк бор-йўқлигини текширмоқчи бўлди. Бироқ у бу кенгликдан нарига ўтолмади ва ортга қайтишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, у Англияга қайтгач, барибир жанубий қутб тарафда ҳам материк бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришига тўғри келди. Шунда у «уёқда ҳам мабодо материк бўлса, у фақат музлаган майдонлардан иборат бўлади ва айтарли наф келтирмайди», деб таъкидлаган эди.
Шунингдек, европаликлар ўзлари учун номаълум бўлган ғаройиб жонивор – кенгуру ҳақида илк бора айнан капитан Кук чизмалари ва кема журнали орқали маълумот олган.
Изоҳ (0)