Ўзбекистонда 2020 йилда электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан ўртача 9 фоизга ошади. Иқтисодиёт тармоқлари талабининг 10 фоизга, аҳоли талабининг эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 13 январь, душанба куни электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича жорий йилга асосий вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда ушбу эҳтиёж қайси манбалар ҳисобидан қопланиши, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» ижроси муҳокама қилинди.
Президент 2020 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ, сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувват ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.
Йиғилишда соҳани ривожлантиришнинг узоқ истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан икки баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Шу боис Энергетика вазирлигига кейинги ўн йилда умумий қуввати 7900 мегаваттни ташкил этадиган янги иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, инвесторларни жалб қилган ҳолда, саккиз минг мегаватт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидро электр станциялари қувватини 1935 мегаваттга ошириш, кичик гидро электр станциялар барпо этишни хусусий секторга бериш юзасидан вазифалар белгиланди.
Мутасадди ташкилотларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда электр энергияси соҳасида замонавий технологиялар билан бевосита ишлайдиган ўрта ва кичик бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа корхоналари раҳбарлари ҳисобот берди, чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)