1942 йил 8 январда Буюк Британиянинг машҳур Оксфорд шаҳрида Стивен Уильям Хокинг дунёга келди. Замонамизнинг энг буюк олимининг таваллуд куни муносабати билан «Дарё» колумнисти, астрофизик олим Пўлат Тожимуродов унинг мероси ҳақида фикр юритади.

Оксфорд Хокинг туғилган ердир. У нафақат Британия, балки бутун жаҳонда энг машҳур илм масканларидан бири жойлашган шаҳар эканини билган киши буни тақдир ишораси деб ўйламай иложи йўқ. Ҳозирги кунда биз Хокингни замонамизнинг энг илғор назариётчи физикларидан бири сифатида эътироф этамиз. У 30 дан ортиқ нуфузли мукофотлар соҳиби, ўнлаб илмий ва илмий-оммабоп китоблар муаллифи ва бир неча академияларнинг аъзоси эди.

Фото: «Vesti.ru»

1962 йилда Хокинг Оксфорд университети бакалавриатини битирди, бир йил сўнг эса унда ёнбош амиотроф синдром аломатлари аниқланди. Кейинчалик шу хасталик туфайли Стивен шол бўлиб қолди. Ташхис қўйилган пайт шифокорлар Стивеннинг икки ярим йил умри қолганини айтди. Олимнинг айтишича, эрта ўлим ҳақидаги фикрлар унга ҳаёт яшашга лойиқ эканини кўрсатиб берган. У илмий изланишларини давом эттириб, 1965 йили Кембриж университетига ишга кириб, 1966 йили PhD илмий даражасини олди. Кейинги йилларда бир неча илмий муассасаларда турли лавозимларда ишлади. 1974 йили Лондон қироллик жамиятининг (Буюк Британия «фанлар академияси») энг ёш аъзосига айланди. 1979 йилда у Кембриж университети Лукас кафедрасининг математика профессори лавозимини эгаллаб, 2009 йилгача шу лавозимда қолди. Стивеннинг айтишича, у ўрта мактабдан кейин математик таълим олмаган, Оксфордда дарс беришнинг биринчи йилида талабаларга ўргатадиган мавзуларини улардан 2 ҳафта олдин ўқиб ўзлаштириб борган.

60 йиллар охирида Хокингнинг хасталиги у шол бўлишига олиб келди ва у ногиронлар аравачасида юра бошлади. 1985 йили ўпка яллиғланишига дучор бўлган Хокинг трахеостомия муолажасига учраб, гапира олмай қолди. Хокингнинг механик дўстлари унинг ўриндиғига нутқни синтезловчи компьютер ўрнатиб берди. Компьютер аввалига олимнинг ўнг қўлидаги кўрсаткич бармоғи, кейинчалик эса юзининг рўпарасига ўрнатилган датчик орқали мимик мушакнинг ҳаракатлари орқали бошқарилган. Синтезланган овоз американча аксентга эга бўлган, лекин Хокинг уни алмаштиришни хоҳламаган, ва кейинчалик ҳатто уни муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоялаб олган.

Оғир касалликка қарамай, Хокинг жуда меҳнаткаш ва фаол одам эди. Қора туйнукларга термодинамикани қўллаш, квант космологияси, релятивистик астрофизика соҳаларида унинг ҳиссаси беқиёс. 1975 йилда у замонавий астрофизикадаги энг интуицияга зид ғоялардан бири – қора туйнуклар квант жараёнлар туфайли «буғланиши», яъни ютиб олган энергиясини махсус нурланиш орқали атроф оламга қайтариб бериши мумкинлигини назарий асослаб берди. Бу нурланиш олимнинг шарафига Хокинг нурланиши деб номланди. 2019 йилнинг 9 январида, олимнинг туғилган кунидан бир кунгина сўнг исроиллик физиклар лаборатория шароитида мажбурий Хокинг нурланиши ҳосил қилинганини хабар қилди. Хокингнинг бу ғояси замонавий физиканинг катта муаммоларидан бири бўлмиш ахборот парадоксини келтириб чиқарди.

Келинг, унинг бу зиддиятли ғоясида тўхталиб ўтамиз. Умумий нисбийлик назариясига кўра, массаси Оппенгеймер–Волков чегараси деб аталувчи миқдордан (2,16 Қуёш массаси) катта бўлган юлдуз қарида термоядро реакциялари тўхтагач, у ўз оғирлиги таъсирида тўхтовсиз сиқила бошлайди, ва охир-оқибат қора туйнук деб аталувчи экзотик объектга айланади. У фазодаги шундай бир соҳаки, унинг ичидан ҳеч нима, ҳаттоки ёруғлик чиқиб кета олмайди. Бу соҳанинг чегараси ҳодисалар горизонти деб аталади. Қора туйнуклар чиндан ҳам мавжудлигининг бир неча билвосита исботи аввалдан мавжуд эди, ўтган йили эса бутун жаҳон ўта массив қора туйнукнинг горизонти яқинидаги модда нурланишининг илк фотосуратини кўришга муяссар бўлди.

Назария айтишича, қора туйнукнинг ҳолати ва параметрлари унинг айнан нимадан, қандай юлдуздан ҳосил бўлишига боғлиқ эмас. Қўпол қилиб айтганда, қора туйнукни юлдузни сиқиб яратасизми ёки худди шундай массали эски газеталарни сиқибми, аҳамияти йўқ, натижа бир хил. Иккинчи асосий физик назария – квант механикаси асосида ахборот йўқ бўлиб кетмаслиги тамойилига асосланади. Яъни, содда тил билан айтганда, ҳар қандай жараённинг натижасига қараб ушбу жараён нимадан содир бўлганини била олишимиз мумкин. Қора туйнукларнинг «бир хиллиги» бунга зиддек туюлади, лекин қора туйнукдан ҳеч нима чиқиб кета олмаслиги масалани ҳал қилади – қора туйнукни ҳосил қилган модда ҳақидаги ахборот ҳеч қаерга йўқ бўлмади, у шунчаки туйнукнинг ҳодисалар горизонти остида «яшириниб» ётибди ва чиқиб кета олмайди.

Хокинг квант назариясининг хулосаларидан бири бўлган жараён – бўшлиқда зарра ва антизарра жуфтликлари туғилишини ҳодисалар горизонти яқинида қандай рўй беришини ўрганган. Агар бу жараён горизонтга жуда яқин рўй берса, жуфтликдаги заррачаларнинг бири горизонт остида пайдо бўлади (ёки у ерга қулаб тушади), иккинчиси эса қора туйнук яқинини тарк этиб, бунда қора туйнук энергиясининг бир қисмини олиб кетади. Четдан қараганда қора туйнук гўёки ўзидан зарралар оқими чиқариб, «буғланаётгандек» кўринади. Охир-оқибат бундай нурланиш натижасида қора туйнук йўқ бўлиб кетади. Нурланишнинг характеристикалари фақат қора туйнукнинг ўлчамига боғлиқ бўлиб, у ҳеч қандай ахборот ташимайди. Лекин ундай бўлса, горизонт остида яширинган, қора туйнукни ташкил қилган модда тўғрисидаги ахборот изсиз йўқ бўлиб кетади. Бу эса квант физикасига мутлақо зид.

Бу парадокс замонавий физикадаги энг узоқ сақланаётган зиддиятлардан бири. Олимларнинг ўйлашича, у ўз ечимини фақатгина квант гравитация назарияси ишлаб чиқилгандан кейингина топади.

Фанда саволларнинг жавобидан-да шу жавоб яратган янги саволлар муҳимроқ. Кўп масалаларни ҳал қилган олимлар каби янги муҳим ва қизиқ масалаларни қўйган олимлар ҳам ўз мартабасига эга. Бу нуқтаи назардан қараганда, Хокинг ҳар иккала томондан буюк олим бўлган.

Стивен Хокинг атеист бўлган, динлар ва илоҳиётга ишонмаган. У сўл қанот сиёсий қарашларга эга бўлиб, Британияда лейбористларни қўллаб-қувватлаган. Сиёсий қарашлари туфайли рицарлик унвонидан воз кечган. Вьетнам ва Ироқдаги урушларга қарши тадбирларда қатнашган, Фаластин борасидаги сиёсатдан норозилиги туфайли Исроилдаги конференцияда қатнашмаган. Ядровий қуролсизлантириш, иқлим ўзгаришларига қарши кураш тарафдори бўлган. Умрининг сўнгги йилларида Буюк Британияда соғлиқни сақлаш тижорийлашувига қарши курашган. Шунингдек, Хокинг сунъий интеллект технологиялари ривожига қарши бўлган.

Олим фанни оммавийлаштириш йўлида ҳам кўп ишлар қилган. Илм-фанга қизиқувчилар орасида унинг «Вақтнинг қисқача тарихи» китоби тўғрисида эшитмаган киши бўлмаса керак. Хокингнинг ўзи айтишича, «менинг физика тўғрисидаги китобларим Мадоннанинг жинсий алоқа тўғрисидаги китобларидан-да кўпроқ сотилган».

Хокинг 2018 йилнинг 14 март кунида ўз уйида касаллигининг оғирлашиши туфайли оламдан ўтди. Уни кремация қилиб, хокини Лондоннинг Вестминстер аббатлигида дафн қилишди.

Британиянинг бошқа буюк фарзанди Уильям Шекспирнинг Ҳамлети қуйидаги сатрларни айтади:

Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ.

Жоизмикин ул жобир-у жаббор фалакнинг

Жафосига ҳар дақиқа чидаса юрак?

Ё балолар денгизига кўндаланг бўлиб,

Койишлар-у ташвишларга чек қўймоқ керак?

Стивен Хокинг айнан иккинчи йўлни танлаган, балолар денгизига кўндаланг бўлган, ёки юқоридаги парчанинг Мақсуд Шайхзода таржимасига қарасак, рад-бадал бериб, қўзғалган одам. У кишининг ҳаётдан нолишга, тушкун кайфиятда бўлишга барча сабаблари бор эди. Лекин у байроғини баланд тутиб, ҳаётини ўзи мазмунга тўлдирди. Хокингнинг ўзи 78 ёшни қарши ололмаган бўлса-да, унинг фанда қолдирган изи ва хотираси ҳамон тирик.