Эрон АҚШнинг Ироқдаги иккита ҳарбий базасига ракета зарбалари берди. АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, жами 15 та ракета учирилган. Улардан 10 таси Айн ал-Асад авиабазасига, биттаси эса Ироқ шимолида жойлашган Арбилдаги базага келиб тушган, тўртта ракета нишонгача етиб бормаган. Ироқ расмий Эрон томондан 22 та ракета учирилганини маълум қилди.

Эрон ракета ҳужуми нишонларидан бирига айланган Ироқдаги Айн ал-Асад авиабазаси, 2019 йил 29 декабрь.

Фото: Meduza

АҚШнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида америкаликлар жабр кўрмаган. Ракета зарбалари оқибатида ироқликлар қурбон бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди, аммо Ироқ ҳукумати бу маълумотларни рад этди. Айни вақтда Эрон давлат телевиденияси ўз манбаларига асосланиб, зарба оқибатида 80 америкалик ҳалок бўлгани, АҚШ ҳарбий техникалари жиддий зарар кўргани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ҳужумига «Ҳаммаси жойида» деган сўзлар билан муносабат билдирди. «Эрон Ироқдаги иккита ҳарбий база томон ракеталар учирди. Ҳозирда қурбонлар ва зарар миқдори баҳоланмоқда. Ҳозирча ҳаммаси яхши! Бугунги кунда бизда дунёдаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган армия бор», — деб ёзган Трамп, 8 январь куни расмий баёнот беришни ваъда қилди.

Ушбу ракета зарбалари эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун жавобдир, дея маълум қилди ушбу ҳужумларни уюштирган Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси (ИИМК). Ракета зарбалари Сулаймонийнинг дафн маросими арафасида бўлди — маросим 7 январь куни ўтказилиши керак эди, бироқ мотам юриши вақтидаги тиқилинчда 56 киши ҳалок бўлгани учун қолдирилган эди. ИИМК қўмондонлиги ҳужумни муваффақиятли деб атаб, АҚШни жавоб ҳаракатларидан тийилишга чақирди, акс ҳолда «янада кучли ва қақшатқич жавоб» берилишини маълум қилди. Шунингдек, ИИМК «келгуси йўқотишларнинг олдини олиш учун» Яқин Шарқдан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетилишини талаб қилди. Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳужумни АҚШга тортилган «тарсаки» деб атади.

Ракета зарбалари берилган оқшомда Эронда «Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ)нинг самолёти қулади. Сўнгги маълумотларга кўра самолёт бортида 176 киши бўлган: уларнинг 82 нафари эронлик, 63 нафари канадалик ва 11 нафари украиналик. Йўловчи ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким омон қолмаган. Иорданиянинг Al-Hadath нашри самолёт тасодифан Эрон ракетаси билан уриб туширилган бўлиши мумкин, деб ёзганди. Эрон ҳукумати эса двигателдаги алангаланиш ҳалокатга сабаб бўлганини маълум қилди. Украинанинг Теҳрондаги элчихонаси теракт ва ракета ҳужуми тахминлари кўриб чиқилмаётганини билдирди.

Фото: Twnews

Авиаҳалокатдан сўнг МАУ Теҳронга парвозларни номаълум муддатга тўхтатишини эълон қилди. АҚШ авиация маъмурлари эса Америка авиакомпанияларига Эрон, Ироқ ва Форс кўрфази устидан учишни тақиқлади. «Малайзия ҳаво йўллари», «Сингапур ҳаво йўллари» ва яна бир қатор Осиё авиакомпаниялари уларнинг самолётлари Эрон ҳаво кенгликларини айланиб ўтишини маълум қилди.