Олий Мажлис палаталари томонидан 14 сентябрда «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор қабул қилинган, ушбу қарорнинг Низоми билан оилавий тадбирларни ўтказиш бўйича янги тартиб ўрнатилган эди.
Низомда назарда тутилган талаблар 2020 йил 1 январдан кучга кирди. Унга кўра,
- тўй, оилавий тадбирлар, маърака ва маросимлар (дафн маросимидан ташқари) фақат 1 кун бўлади;
- улар соат 6:00—23:00 оралиғида ўтказилиши лозим;
- тўйларда 200 нафаргача, ошда 250 нафаргача одам қатнашиши мумкин;
- қўшалоқ тўйда 250 нафар, ошда эса 300 нафаргача одам қатнашиши мумкин;
- келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин;
- дафн маросимларида чекланмаган одам қатнашиши мумкин (марҳум хотирасига бағишлаб ёзиладиган эҳсон дастурхони бундан мустасно);
- диний маърузар белгиланган тартибда рухсат олган шахслар томонидан ўқилади;
- «келин навкари», «чарлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш», «пул сочиш» ва ҳоказо ишларни ўтказиш мумкин эмас;
- «етти», «пайшанбалик», «йигирма», «қирқ», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни ўтказиш мумкин эмас;
- тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун албатта шартнома тузилади;
- тадбирлардаги бошловчи (тамада, ўртакаш) санъаткор, хонанда, видеочи, фотограф ва бошқалар билан шартнома тузилиши лозим;
- тадбирларда 2 нафардан ортиқ хонанда (гуруҳ) хизмат қилиши мумкин эмас.
Агар қонун муҳокама учун эълон қилинган таҳририда қабул қилинса, у ҳолда Тўй ва маросимлар ўтказиш низомини бузган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (1 январь ҳолатига кўра — 2,23 миллион сўм), маросим ўтказилган жой эгалари эса 30 баробари (6,69 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо эса дабдабали тўй қилаётганларга шунчаки жарима солиш билан чекланмай, уларни халқ олдида шарманда қилишни ҳам таклиф этган эди. Кейинроқ унинг ўзи тўй-маросимларга фақат икки санъаткор чақирилишини назарда тутувчи тартибни санъаткорлар иштирокида қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирган.