Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бюджет даромади прогноз кўрсаткичларини ортиқча тўланган ва ундирилган солиқ суммалари ҳисобига бажарилишига йўл қўймасликлари бўйича қатъий огоҳлантирилади.
Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг ‘2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаъги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан ўрнатиладиган тартиб бўйича ортиқча ундирилган солиқ суммаларини Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасига тенг бўлган ставкада фоизлар тўлаган ҳолда қайтариш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади:
- республика бюджетига ўтказилган солиқлар бўйича — республика бюджети ҳисобидан;
- Қорақалпоғистон республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, туман ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилган солиқлар бўйича — тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан;
- бюджет тизими бюджетлари ўртасида тақсимланган солиқлар бўйича — тегишли бюджетлар ҳисобидан уларга ажратмалар меъёрига мутаносиб равишда амалга оширилади.
«Ортиқча ҳаражатларнинг олдини олишингиз учун тўртинчи чорак фойда солиғи жорий тўлов маълумотномасини аниқлаштирган ҳолда қайта кўриб чиқишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Айрим солиқ органлари томонидан бюджетга муддати келмаган солиқ тўловлари асоссиз талаб қилинаётган бўлса, бундай талабни бажармаслигингиз ва бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Ишонч телефонига (71–244-98-98) зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилган ДСҚ ахборотида.