Қашқадарёда 2019 йилнинг 11 ойи мобайнида пиёдалар иштирокида 246 та ЙТҲ содир этилиб, 192 нафар шахс турли даражада жароҳатланган. Пиёдалар айби билан содир этилаётган ана шундай ЙТҲлар сонини камайтириш мақсадида вилоятда «Диққат, пиёда» тадбири бошланди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, «Диққат, пиёда» тадбири ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси буйруғига кўра ташкил этилган бўлиб, 10—20 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
«Жорий йилнинг 11 ойи давомида 192 нафар пиёда йўлни нотўғри кесиб ўтаётгани боис ЙТҲ иштирокчисига айланиб қолган ва турли даражада тан жараҳотлари олган, биз шу каби ЙТҲларнинг олдини олишни мақсад қилган ҳолда рейд тадбирларини ўтказяпмиз. Рейд тадбирларимиз 10 декабрь куни Қарши шаҳридан бошланиб, 20 декабрга қадар барча туманларда ўтказилиши кўзда тутилган», — дейди вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Жавлон Бахтиев.
Вилоят ЙҲХБ инспекторлари рейд давомида йўлнинг асосий қатнов қисмидан кесиб ўтаётган пиёдаларни тўхтатиб, қоидабузарлигини тушунтирган ҳолда маъмурий баённомалар расмийлаштирмоқда.
«Қарши шаҳар ҳокимлиги олдидаги катта йўлдан ўтаётган пиёдаларга йўлнинг қатнов қисми ўта хавфли эканлигини тушунтириб, сал нарида турган туннелдан ҳаракатланишлари лозимлигини тушунтирдик», — дейди Жавлон Бахтиев.
«Диққат, пиёда» тадбири 20 декабрга қадар вилоятнинг барча туманларида бўлиб ўтади.
Аввалроқ Тошкентда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёдаларга нисбатан баённома расмийлаштирилаётгани хабар берилган эди.