Қорақалпоғистонда МИБ ходимлари табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатини аниқлади, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Маълум бўлишича, 13 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида туман МИБ ходимлари томонидан тегишли текширув ишлари олиб борилган.
Уйларда ўтказилган текширувлар чоғида хонадонлардан бирининг эгаси шланг ёрдамида уйига табиий газ ўтказиб олиб, шу йўл билан иситиш қозонини қайнатиши аниқланган. Уланиб олинган газдан овқат тайёрлашда ҳам фойдаланилган. Умуман олганда, табиий газдан бепул фойдаланиб келинган. Чунки у газ ҳисоблагичда қайд этилмаган.
Шунингдек, бу хонадонда Хўжайли тумани солиқ қўмитаси раҳбари истиқомат қилиши аниқланган.Ўзбекистонда сўнгги кунларда газ ва электр билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. 28 ноябрь куни Андижоннинг «Далварзин» ва унга чегарадош Олтинкўл туманининг «Қўштепа» маҳалласида электр тармоғида кўп узилишлар бўлаётганлиги ҳамда табиий газ етказиб берилмаётганлигига норозилик билдирган аҳоли автомобиль йўлига чиқиб, транспорт воситалари ҳаракатини тўсиб қўйган эди.
Ўзбекистон Сенати газ ва электр таъминотидаги муаммолар юзасидан ҳукуматдан изоҳ талаб қилган.
Изоҳ (0)